» » “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч”

“Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч”


 Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.


   Шу боисдан 9-май санаси юртимизда “Хотира ва қадрлаш” куни сифатида кенг нишонланади. Байрам арафасида жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилади. Ана шундай тадбирлардан бири бугун Тойлоқ туманидаги 21-умумтаълим мактабида ўтказилди.
  “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбирга меҳнат фахрийлари таклиф этилиб, уч авлод учрашуви ташкил қилинди. Таълим соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий педагоглар, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган самимий мулоқот давомида ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан кекса авлод вакилларига мурожаат қилишди.

   Савол-жавоб ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда ҳар ким дилидаги гапларини, эзгу тилакларини билдирди. Энг яхши савол берган ўқувчилар фахрийлар томонидан эсдалик совғаси билан рағбатлантирилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган ўндан ортиқ меҳнат фахрийларига туман халқ таълими бўлимининг эсдалик совғалари топширилди.

   Шундан сўнг, 21-умумтаълим мактабининг спортчи ўқувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

   Тадбирнинг кейинги қисмида халқ таълими соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар ўртасида шахмат мусобақаси ташкил этилди.  


   Дастур шахмат мусобақаси ғолибларини тақдирлаш билан якунланди.
Нигина РАҲМАТОВА,
туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев