» » АҲОЛИ ВА ҲУДУДЛАР МУҲОФАЗАСИНИ КАФОЛАТЛАЙДИГАН ҚОНУН

АҲОЛИ ВА ҲУДУДЛАР МУҲОФАЗАСИНИ КАФОЛАТЛАЙДИГАН ҚОНУН

Президентимиз томонидан «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди.
 Аввало таъкидлаш жоизки, Янги Қонун 7 та боб ва 62 та моддадан иборат (амалдаги, 1999 йили қабул қилинган қонун  5 та боб ва 27 та моддадан иборат эди) бўлиб, унда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга раҳбарлик қилиш тартиби жорий этилмоқда, унга кўра: республиканинг бутун ҳудудида – Бош вазир; вилоятлар ва туманларда – тегишли ҳокимлар; вазирлик ва идораларда уларнинг раҳбарлари томонидан амалга оширилади. (Амалдаги Қонунда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга раҳбарлик қилиш тартиби белгиланмаган эди). 2) Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини (кейинги ўринларда – Давлат тизими) вазирлик ва идоралар ваколатларини тизимлаштириш орқали такомиллаштирилди. Давлат тизими – фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, кучлари ва воситаларини бирлаштирувчи тизим. Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ваколатли орган) ва Давлат тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг (жами 19 та) аниқ ваколатлари мустаҳкамланди. Шу ўринда Давлат тизимига қўшимча равишда Миллий гвардия (фавқулодда вазиятда жамоат тартибини сақлаш), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (фавқулодда вазиятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувлар тизимларини тиклаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш), Энергетика вазирлиги (электр энергияси ва газ тизимларини тиклаш, улар билан аҳолини узлуксиз таъминлаш), Давлат активларини бошқариш агентлиги (фавқулодда вазият оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича ишларни ташкил қилиш) киритилди. Давлат тизимини бошқариш республика даражасида – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳудудлар даражасида – ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари), объект даражасида – объект раҳбарлари томонидан амалга оширилади. Қонунда фавқулодда вазиятлар жабрланган одамларнинг сонига, кўламига ва етказилган моддий зарарнинг миқдорига қараб трансчегаравий, республика, маҳаллий ва локал турларига ажратилди.(2020 йилда “Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазият дастлаб маҳаллий, кейин эса трансчегаравий хусусият касб этиб, унинг оқибатларини бартараф этишда айрим муаммоли масалалар юзага келган. Бу каби фавқулодда вазиятларда қутқарув ва бошқа муҳофаза тадбирларини режалаштириш ва амалга оширишда чора-тадбирларни аниқ белгилаш мақсадида фавқулодда вазиятларнинг турлари алоҳида модда сифатида киритилди). Янги қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш ишларига бевосита раҳбарлик қилиш масалалари ҳам ҳал этилган, жумладан: республика ва трансчегаравий миқёсда – содир бўлган фавқулодда вазият хусусиятлари ва кўламига қараб, Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида фавқулодда вазиятлар вазири ёки тегишли соҳада давлат бошқарувини амалга оширувчи орган раҳбарлари томонидан амалга оширилади. Янги қонунни қабул қилишдан асосий мақсад – Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг янги тизимини жорий этиш орқали уларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш деб белгиланган.
 Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сейсмик кузатувлар, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг хаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган.
              Ш. ХУДОЙҚУЛОВ,
Тойлоқ тумани ФВБ ФВДТ ва ФМ бошлиғи, капитан.

комментариев