» » МАҲАЛЛА – ХАЛҚ ЮРАГИ, УНИНГ РАИСИ – ЭЪТИРОФГА ЛОЙИҚ ШАХС БЎЛСИН!

МАҲАЛЛА – ХАЛҚ ЮРАГИ, УНИНГ РАИСИ – ЭЪТИРОФГА ЛОЙИҚ ШАХС БЎЛСИН!

Маҳалла – бу фақат бир ижтимоий тузилма эмас. Маҳалла – биз кимлигимизни, қадриятларимизни, бирдамлигимизни англатувчи муқаддас маскан. У орамиздаги энг теран тарбия мактаби, инсон ва жамият муносабатларининг асосий бўғини ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам маҳалланинг бошқарув тизими, унинг раҳбарлари – яъни фуқаролар йиғинлари раислари (ёхуд оддий тил билан айтганда, маҳалла раислари) – жамиятимиздаги муҳим сиёсий-ижтимоий шахсиятлардан бирига айланмоқда.
Маҳалла раиси — бу бир кундагина танланадиган шахс эмас. У аввало маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро учун яқин, халқ дардини ҳис қилувчи, муаммони эшитибгина қолмай, ечимини топувчи, ҳар томонлама билимли ва масъулиятли шахс бўлиши керак. У инсонлар орасида юради, у эл қалбини кўради, эшитади ва ҳис қилади.
Сайлов жараёнида айнан шундай салоҳиятга эга, маҳалланинг кеча ва бугунини яхши билувчи, келажаги учун кураша оладиган фаол номзодларга эътибор қаратилиши жуда муҳим.
Бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — “маҳалла еттилиги” жамоатчилик тузилмаси орқали аҳолининг муаммоларини адолатли ҳал қилиш. Бу тузилмани бошқаришда эса маҳалла раисидан билим ва маҳорат, етакчилик салоҳияти талаб этилади.
Депутат сифатида жойларда аҳоли билан мулоқотлар чоғида маҳалладаги асосий масалалар айнан раисига боғлиқ экани янада яққол кўринади. Фуқаролар розими? Муаммолар тез ечилаяптими? Ёшлар қўллаб-қувватланаяптими? Буларнинг барчаси маҳаллада қандай раҳбар турганига боғлиқ.
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раисини сайлаш — бу оддий формал жараён эмас. Бу – маҳалланинг тақдирига дахлдор қарор. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ўз овози орқали ўзини, фарзандларини, қўшниларини, келажакда қандай муҳитда яшашини белгилайди.
Менинг таклифим – бу сайловларда нафақат фаол қатнашиш, балки ҳақиқий муносиб, пок ниятли, меҳнаткаш, ташаббускор инсонларни қўллаб-қувватлаш. Бу орқали биз нафақат маҳалла, балки бутун жамиятнинг ижтимоий иммунитетини мустаҳкамлаймиз.
Маҳалла раҳбарларини танлашда адолат, очиқлик ва фуқаролик фаоллигини таъминлашни асосий мезон ҳисобланади. Ҳар бир маҳалла ўз келажагини ўз қўли билан қуриши учун энг муносиб номзодларга имконият яратилиши зарур. Бу орқали маҳаллада шаффофлик, жамоатчилик назорати, фаол мулоқот ва ишонч муҳити вужудга келади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳалла — юртимиздаги энг қадимий ва энг замонавий тузилма. У ҳаётимизнинг марказида турибди. Шунинг учун у ердаги раҳбар ҳам халқ ичидаги энг яхши инсонлар орасидан сайланиши керак. 
Фотех РАХМАТОВ, Халқ депутатлари Тойлоқ туман кенгаши депутати,
“Адолат” СДП аъзоси,
Самарқанд вилоят “Имкон” маркази раҳбари

комментариев