» » 2,5 миллион сўмнинг 5 кишилик оилага етмаслигини исботлаб бергану ўзининг 1,5 миллион сўм ойлиги етмаётгани ҳақида “лом-мим” демаётган эй менинг (вай мани) камтаринларим...

2,5 миллион сўмнинг 5 кишилик оилага етмаслигини исботлаб бергану ўзининг 1,5 миллион сўм ойлиги етмаётгани ҳақида “лом-мим” демаётган эй менинг (вай мани) камтаринларим...



Аввалига бу ҳақда гапириш “менга эмас”, яъни бу мавзуда сўз юритишга ёшлик ёки тажрибасизлик қиламан, деб ўйладим. Лекин сўз эркинлиги ҳаммага бирдек берилган имконият-ку, тўғрими? Аслида ёзишимга журналистика соҳасида меҳнат қилаётган бир ҳамкасбимизнинг ОАВ, матбуот ҳақидаги фикрларимни ёритиш учун интерьвю сўрагани туртки бўлди...
Албатта, матбуот ва оммавий ахборот воситалари, унинг атрофидаги фикрлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо биз ўзимизнинг қисқа муддатли тажрибамиз, узтозларнинг бизга ўргатганлари, уқтирганлари, шахсий кузатувларимиз доирасида озми-кўпми фикримизни билдиришимиз мумкин.
Ҳаммамизга кундек равшан, ушбу соҳада бундан икки-уч йил аввалгига қараганда ўсиш, ривожланиш ҳар қадамда кўзга ташланяпти. Буни ҳар биримиз ҳис этиб турибмиз. Албатта, сизу биз қачонлардир қоғозда бор, аммо амалда йўқ сўз эркинлиги тушунчасининг ҳаётимизда ўз ифодасини кўряпмиз. Агар сўз эркинлигига бундан ҳам ортиқроқ, юқори таърифу тавсиф бериб юборсак аксариятимизнинг энсамиз қотиши тайин. Гўё бу бўрттиришимиз тухумнинг оқини кўпиртириб, бетаъм ва бемазза “қаймоқ”қа айланиб қолган кўпикни ёдга солади.

Аммо бемалол айтишимиз мумкин-ки, оммавий ахборот воситалари бугунги кунда нафақат халқни ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиряпти, шу билан бирга, унинг дардига малҳам ҳам бўляпти.
Халқимиз ҳуқуқи поймол бўлса уни тиклаш, ўз шахсий манфаатини ҳимоя қилиш, адолат қарор топишини истаб ҳокимият, депутат, суд-ҳуқуқ тизимлари, ёки бошқа давлат идораларигагина эмас, бугун аксарият ҳолларда, аввало, оммавий ахборот воситаларига, журналист ва блогерларга ҳам мурожаат қилаётганини кузатяпмиз. Бунинг замирида одамларнинг шу ерда адолат қарор топишига ишончи пайдо бўлгани, ўзининг ҳимоячиси сифатида адвокат ёки бошқа ҳуқуқшунос эмас, журналист эканлигини тан олаётганидан далолатдир. Менимча, шу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ҳамкасбимизнинг энг катта ютуғи ҳам ана шунда бўлса керак. Бунга шак-шубҳа йўқ. Негаки, халқ ишончи энг катта рағбат, энг катта ютуқ.
Очиғи, оммавий ахборот воситалари, журналист ёки блогерлик фаолияти, сўз эркинлиги ҳақида сўз юритишни устозларимизга қўйиб берайлик. Келинг биз журналистга маънавий рағбатдан ташқари, моддий рағбатнинг ҳам сув ва ҳаводек зарурлиги ҳақида икки оғиз фикр билдирайлик.

Ҳа, ҳозир айнан фидойи ва жонкуяр журналистлар, матбуот ходимлари ҳақида “маддоҳлик” қилмоқчиман. Ҳақиқатан ҳам бундай камтар ва камсуқим касб эгаларига тасаннолар айтса арзийди. Мақтаб юборяпти, деманг. Мана сизга фикримнинг исботи...
Улар кези келганда 2,5 миллион сўм ойликнинг 5 кишилик оилага етмаслигини нафақат оддий одамга, балки казо-казо раҳбарларга, керак бўлса, юз хил усулда, юз хил ёндашув орқали исботлаб беради. Шу ҳақда бонг уради. Лекин ўзининг 1 миллион ёки 1,5 миллион атрофидаги ойлик маошлари ҳақида бирор бир ўринда, бирор даврада “лом-мим” демайди, унини ҳам чиқармайди.

Халқнинг ҳақини талаб қилиб чиқади, катта-катта муаммолар ҳақида юқори минбарлардан туриб жар солади. Лекин олаётган ойлик маоши бола-чақаси билан ижарада турган уйига етмаётгани, ҳатто ҳар куни ишга қатнаб турган йўл ҳақига етмаётгани, баъзан ўзига эмас, бола-чақаси, оиласига кийим-кечак қилиб берса дастурхонини тўкин қилишга етмай қолаётгани ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса демайди.

Тўғри, бугун замонавий автомобиллар миниб юрган ёки шаҳарда бир-икки хоналик уйи бор саноқлигина журналист, мухбирлар ҳам бор. Аммо улар шу соҳада ишлаб топган ойлик маошининг эвазига бунга эришяпти, дейсизми?! Бундай ҳамкасбларимиз қандай эришаётганига назар ташласак, қишлоқдаги яқин қариндошлари кўмагига таяниб, 5-10 сотих ерида ҳалол экин-текин қилиб, пулга ишчи ёллаб етиштирган, ёки уч-тўрт ака-укаси, ота-онасининг беминнат кўмаги орқали, ёки бор-йўғини “суғуриб” оладиган кредитлар орқали шунга етишаётгани бор гап. Қийинчилик билан ўриндошлик асосида бошқа жойларда ҳам мажбур ишлаб, оилавий даромадини қоплаётганлари ҳам бир талай. Баъзи бир ҳамкасбларимиз “Фикринг хато, мана масалан мен...” деб бунга эътироз билдирмоқчи ҳам бўлар. Шошманг, гап сиз ҳақингизда эмас, фикримнинг исботини аввал дарди ичидаю касбига меҳри, эл-юрт хизматини ҳар нарсадан устун қўйиб, шунинг ортидан топаётган ҳурмат-иззатигагина қаноат ҳосил қилаётган атрофингиздаги журналистлардан излаб кўринг. Улар орасида 10-15 йил, ҳатто 20 йил шу тизимда ишлаб, битта уй ололмаганлари ҳам бор. Айнан қўли калталик қилиб, етишмовчилик сабабли оиласидаги “сизу бизчиликка” путур етганлари, ҳатто ҳаёти издан чиқаёзганлари ҳам бор. Буни қарангки, шундай бўлса-да ўз севимли касбидан кечмаётган, қаноат ва сабр билан, шароитдан нолишни ор билиб, жимгина яшаётганлари ҳам бор...
Камтар ва камсуқим, ўз манфаатини кўзлаб бирор нарса талаб қилишни ор деб билган ҳамкасбларимиз, уларнинг шахсий ҳаёти ҳақида гапириб, иззат нафсига тегмай, майли. Аммо бу борада ўзимнинг ҳам бошимдан кечирганим бор...
Эндигина уйланиб, тўйимизга 2-3 ой бўлган пайтлар ўзим ишлаб келаётган газетанинг қоровулхонасида “қўним топиб”, қоровул билан бирга яшардим. Оилам қишлоқда, ота-онам билан бирга қолган (Ўтган аср эмас, икки-уч йил олдинги ҳолатни айтаяпман). Ўша пайтлар, айнан икки йилча олдин Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида самарқандлик 40 нафардан ортиқ уй-жойга эҳтиёжи бўлган журналист, таҳририят ходимларини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича вилоятимизда тегишли ҳужжат қабул қилинди. Ўша рўйхатнинг биринчисида Самарқанд шаҳридан уй-жойга талабгорлар сафида мен ҳам бор эдим. Мана ҳақиқат, мана эътибор... Ҳалиги 40 нафар уй-жойга муҳтож бўлиб турган ҳамкасбларимиз қатори мени ҳам ўшандай яшаш шароитида бўлиб турганимда бу янгилик жуда хурсанд қилди-да. Ўшани хом санабмиз. Афсуски, кейинчалик у уй-жойлар ҳақида бирор бир ўринда гапирилмади ҳам, фалон суммани фалон жойга тўла, ёки фалон ҳужжатни тақдим қил, деган чақириқ ҳам бўлмади. Буни тилга олмасдим, лекин бу менинг ҳаётимдагина учраган ҳолатгина эмас-да. Хафсаласи пир бўлган бир мен эмас-да!

Яширмаслик керак, назаримда журналист зўр мақола ёзиб, ёки кўрсатув қилиб, лавҳа тайёрлаб, бир ночорнинг муаммосини ҳал қилиб маза қилади. Биринчи бўлиб муаммони кўтарса роҳатланади. Агар моддий рағбат ҳам зўр бўлса, ойлик маоши ҳамманикидан баланд бўлса, майли ақалли, уйига, бола-чақасига етиб ортса ҳам худди шундай роҳатланади-ку, тўғрими, ғайрати жўшади... Шундай бўлса ўз ишига меҳри янаям ортмайдими?!
Адашмасам ўтган йилидан бошлаб республика бўйича барча туман-шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари Nexia-3 русумли автомобиль билан таъминланиб бошланди. Албатта бу муҳим ва самарали, адолатли чора-тадбир бўлди. Балки фахмим етмаганидандир, ёки орзу-ҳавасга ўчлигимдан бўлса керак, доимгидек мени хаёлимдан ўша пайтлардан ҳар хил фикрлар ўтди.
Хом хаёлим билан бўлишаман: мана қаранг, битта вилоятда, туман-шаҳарлардаги таҳририятларда нечта журналист бор деб ўйлайсиз?! Вилоят таҳририятларида 15, 20 нафардандир. Туман-шаҳарларда эса ошиб борса 4 та ёки 5 та ижодий ходим, журналист бор. Баъзи мустақил журналистларни қўшиб ҳисобласак, 100 нафарча атрофида бўлади, тўғрими? Шуларни эҳтиёжига кўра, уй-жой ёки автомобиль билан таъминлаш ниҳоятда катта маблағни талаб қилмаса керак. Майли у шахсий қилиб берилмасин. Шу соҳадаги фаолиятига қараб берилсин, бошқа ишга ўтса топширсин. Агар ўн-ўн беш йил шу соҳанинг қаттиқ нонини еб, чангини ютган бўлса абадий қилиб берилсин. Агар журналистнинг топгани йўлкирага ёки ижара пулини тўлашга кетмаса ҳам унинг чўнтагига озми-кўпми фойда-ку.

Энди айтингчи, битта яхши, фидойи ва жонкуяр, шижоатли журналистнинг битта туман ёки шаҳар ҳокими ўринбосаричалик, борсин шундай ҳудуддаги бир давлат амалдоричалик халққа нафи тегадими, йўқми? Нафи текса, эл дардини ўйлаб қайғурса, нега моддий манфаат исташга, умидвор бўлишга ҳаққи йўқ, АЛБАТТА БОР! Менимча уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш адолатли бўларди.

Шу ўринда айтмоқчиманки, юқорида айтган фикрларим жуда жўн, ғализ бўлиши мумкин, писсимистик ғоялар бўлиши мумкин. Кимнингдир энсасини қотириб, балки кулгисини қистар. Аммо айтилган гаплар бир менинг дарду ҳасратим эмаслиги рост-ку!
Майли, фикрларимга ҳар қандай эътирозни, қарши иддаони тўғри қабул қиламан. Чунки, мен бу соҳада эндигина 6-7 йиллик тажрибага эга ёш кадрман. Баъзи тажрибали ҳамкасблардек фикр юритмагандирман. Аммо мана шу ўтган йиллар давомида, албатта бугунги кунда ҳам умрини, умрининг маъно-мазмунини публицистика соҳасига бағишлаб келаётган забардаст устозларнинг этагидан тутиб келяпман, уларнинг ўгитларига доим қулоқ тутиб, тажрибаларига таяниб келяпман...
Тугади...
Абдуҳошим ЗИЯТОВ.
PS: давоми бор.

комментариев