
Адабиётимизнинг атоқли вакили Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» қиссаси қаҳрамонларидан бирининг тилидан «Гапни тонналаб йиғиб, мисқоллаб сотиш керак» деган фикрни айтган эди. Бу ўринда ёзувчи кўпроқ билим, маълумот ва сўз бойлигига эга бўлиб, уларнинг энг зарурларинигина ишлатиш лозимлигини кўзда тутганига шубҳа йўқ.
Юқоридаги вазифа биринчи галда шарафли, лекин ғоятда масъулиятли ва машаққатли касб эгалари — журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига юкланади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш, янгилик, ҳодиса биринчи галда матбуот ходимининг қалбида акс-садо беради. Давр билан ҳамнафас, ҳамқадам, ҳатто, ундан-да олдин юрадиган бу инсонларга одамлар қаттиқ ишонадилар ва нажот кўзи билан қарайдилар. Аслида бугунги ахборот асрида жамиятнинг тараққиёти ҳам бевосита оммавий ахборот воситалари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, воқеа ҳодисаларни шошма-шошарлик билан нотўҚри талқин қилишга, асосланмаган хулосалар чиқаришга журналистнинг асло ҳақи йўқ. Агар журналист ёлғон гапирса, мамлакат ва жамият тақдири билан ана шундай ҳолат юз бериши мумкин.
Халқни, Ватанни бошқалардан-да кўпроқ севиш, адолат ва ҳақиқат қарор топиши учун бутун борлиғи билан курашиш бугунги матбуот ходимининг ўзига хос фазилати бўлмоғи керак.
Шу кунларда ўзининг 65 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган «Қўшчинор» газетасида ҳам Абдулла Нисорий, Нигина Раҳматова, Дилрабо Камолова, Гўзал Музаффарова сингари ўз касбининг чинакам фидойилари меҳнат қилмоқда.Беш нафар ижодий ва яна шунча техник ходимларни ўзида жамлаган таҳририят томонидан бугунги кунда А-3 бичимда ва рангли бўёқларда ойига 4 марта газета чоп этилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида газетанинг 21 та сони (20 июнгача) чоп этилиб, уларда 20 дан ортиқ мавзулардаги 500 дан зиёд турли жанрлардаги материаллар, 200 га яқин фотосуратлар ҳамда сурат-лавҳалар берилди.
Ижодий ходимлар ўртасида соғлом рақобатнинг йўлга қўйилиши, қолаверса, жойлардаги жамоатчи мухбирлар фаолиятини рағбатлантириш чоралари кўрилаётганлиги ўз самарасини кўрсатмоқда. Оталарнинг мавқеини кўтариш, оилаларнинг мустаҳкамлигини оширишда, уларнинг ибратли ишларини ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида 2019 йил бошида эълон қилинган «Бу менинг отам» мавзусидаги энг яхши публицистик ва бадиий ишлар танловида иштирок этганларнинг каттагина қисми жамоатчи мухбирлар эканлиги ҳам фикримизнинг далилидир.
Бундан ташқари, ҳар ойнинг якуни билан газета саҳифаларида чоп этилаётган энг яхши мақола (очерк, лав-ҳа, бадиий асар) муаллифини таҳририят ва жамоатчи мухбирлар кесимида аниқлаб борилаётгани ҳам яхши натижа бермоқда. Ҳар бир якундаги натижалар асосида йилнинг охирида таҳририятнинг энг фаол мухбири ҳамда энг яхши жамоатчи мухбири аниқланади.
Шу ўринда дастлабки 5 ой якунларига тўхталадиган бўлсак, январ ойида журналист Д. Камолованинг «Қўрғонларга дарз кетмасин», А. Нисоровнинг «Тоҳир муаллим яратган боҚ» мақолалари, феврал ойида мухбир Н. Рахматованинг «Мендан кетгунча, эгасига етгунча-ми?» сарлавҳали танқидий мақоласи, март ойида яна шу муаллифнинг «Томорқалар меҳрга муҳтож» сарлавҳали мақоласи, апрел ойида «Баланд бўлар бургут парвози» (А.Нисоров) лавҳаси, май ойида «Ўғил-қизи беҳисоб она» (Д. Камолова) очерки энг яхши деб топилди.
Айни пайтда муассис — туман ҳокимлиги томонидан таҳририят биносини таъмирлаш ва моддий-техника базасини бойитиш режалаштирилган.
«Қўшчинор» газетаси таҳририяти мамлакатимиздаги барча ҳамкасбларини Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қизғин муборакбод қилиб, уларнинг машаққатли ижодий ишларига омад тилайдилар.
Мўътабар ЙЎЛДОШЕВА,
газета муҳаррири.
комментариев