» » Олий Суд раиси — туманимизда

Олий Суд раиси — туманимизда

     Бугун туман маркази — Тойлоқ шаҳарчасида янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган туман судлари биносининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов кириш сўзи билан очиб, ҳатто хорижликлар ҳам ҳавас қилса арзийдиган ҳамда барча қулайликларга эга бўлган мазкур бино тойлоқликлар учун чин маънодаги адолат кошонаси бўлишига ишонч билдирди.

    Тантанали маросимда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий  Судининг раиси К. Комилов янги суд биноси Президентимиз раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бўлиб, унинг ўзига хос меъморий ечими ва яратилган шарт-шароитларига яқинда мамлакатимизда, жумладан Тойлоқда меҳмон бўлган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсиа Сайян ҳам юқори баҳо берганлигини алоҳида таъкидлади. Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, меҳнат фахрийси Т. Бобомуродов сўзга олиб, тойлоқлик суд тизими ходимларини ғамхўрликка жавобан фидокорона меҳнат қилишга даъват этди.                                           

       Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий  Судининг раиси К. Комилов, вилоят ҳокими Э. Турдимов ҳамда   меҳмонлар туман судлари , Мажлис заллари ва қабулхонадан иборат яхлит мажмуа билан танишиб, қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо бердилар.

                                                      Ўз мухбиримиз.

комментариев