» » Раҳбар халқ манфаати учун ишласа...

Раҳбар халқ манфаати учун ишласа...




Ҳудудларда амалга оширилаётган янгиликлар, бунёдкорлик ишларидан журналистларни хабардор қилиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вилоятимиз туманлари бўйлаб пресс-тур ўтказиб келинмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят телерадиокомпанияси, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти ҳамкорлигида тузилган, вилоят Медиа режасига мувофиқ ташкил этилаётган мазкур тадбирнинг навбатдагиси туманимизда бўлиб ўтди.



Оммавий ахборот воситалари ходимлари дастлаб, туманимиз ойнаси бўлмиш «Қўшчинор» газетаси таҳририятида ижодкорларга яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Учрашув чоғида рўзнома муҳаррири Мўътабар Йўлдошева Баҳодир Бобоназаров туманимизга ҳоким бўлиб келган пайтлариданоқ «Қўшчинор» газетасига алоҳида эътибор қаратганлигини таъкидлаб ўтди: 


— Таҳририятни мана шундай чиройли қиёфага келтириб, ижодий жамоамизнинг яхши кайфиятда, хотиржам ижод қилишида қулайликлар яратиб берган туманимиз ҳокими Б. Бобоназаровдан миннатдормиз. Мукаммал таъмир учун туман ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар томонидан 150 миллион сўм маблағ сарфланди; бинонинг том қисми янгиланди, эшик-ромлар алмаштирилди,   хоналар пардозланиб, янги мебель жиҳозлари олиб келинди. Иситиш тизими ўрнатилди. Ошхона учун қўшимча бино қурилди. Шу билан бирга гарданимиздаги масъулият ҳам катталашди. Энди яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, газетанинг мазмун-мундарижасини янада бойитишимиз, тезкорлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлашимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечим топишида ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишимиз, лўнда қилиб айтганда замон билан ҳамнафас бўлиб, билдирилган ишончни оқлашимиз керак. 

Шундан сўнг ОАВ вакиллари туманимиздаги  МЧЖ «PET AGRO OIL» Ўзбекистон — Сингапур Қўшма корхонаси  фаолияти билан яқиндан танишишди.   

 

Корхона 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти ўсимлик ёғи, озуқа-ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қадоқлашдан иборат. 252 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган мазкур корхона йилига ўртача 20 минг тонна кунгабоқар ёғи, 2 000 тонна олма шинниси, 1500 тонна томат пастаси, 3000 тонна қуритилган мева-сабзавотлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Жорий йилнинг ўтган даврида Россия, Туркия, Сингапур, Белоруссия, Саудия Арабистони, Эрон каби давлатларга 4,2 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили «Сиёб-Шавкат-Орзу» фермер хўжалигига қарашли мева ва сабзавот қуритиш заводи ҳамда «Тойлоқ бахмали» хусусий корхонаси бўлди. 

Корхона мутахассисининг айтишича, пишиқчилик мавсумида бир кунда 10-15 тонна, бир йилда ўртача 1000-1200 тонна маҳсулотлар қайта ишланади. Қуритилган мева ва сабзавотлар асосан Саудия Арабистони, Туркия, Испания каби давлатларга экспорт қилинади.



— «Тойлоқ бахмали» хусусий корхонаси ҳеч муболаҚасиз туманимиз саноатининг пешқадамларидан бири ҳисобланади, — дейди корхона директори Шаҳриёр Маърупов. — Корхона ташкил этилган пайтларда бор-йўғи 15 нафар ишчи меҳнат қилар, кунига 3-4 погонаметр бахмал ишлаб чиқарардик. Бугунги кунга келиб ишчи-ходимларимиз сони 162 нафарга, ишлаб чиқарадиган кунлик маҳсулотимиз эса 3000 погонаметрга етди. Маҳсулотларимизни ички бозорга, қолаверса, қўшни Тожикистон бозорларида сотаяпмиз.

Туманимизнинг сўлим Боғизоғон маҳалласида жойлашган вино ишлаб чиқариш заводида бўлган журналистлар, у ерда ташкил этилган музейни томоша қилишди. 

Шундан сўнг Тойлоқнинг марказида «Agromir Buildings» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар олдида туман ҳокими Б. Бобоназаров ва пресс-тур иштирокчилари ўртасида брифинг ўтказилди. Журналистлар нафақат «Toyloq city»га оид балки ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб олишди. 

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 11 январь куни вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида қурилиш учун 6,3 гектар ер майдони ажратилди, — деди туман раҳбари, — Бу ҳудудда жами 16 та кўп қаватли уйлар, жами 960 дан ортиқ квартиралар, бозор инфратузилма объектлари, маҳалла маркази қуриб битказилиши режалаштирилган. 2020 йилнинг апрель ойига қадар 6 та кўп қаватли уй яъни 360 та хонадон фойдаланишга топширилади. 

Тадбир сўнгида пресс-тур иштирокчилари бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашишди. Журналистлар   туманимиздаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ҳақидаги таассуротларини очиқ-ойдин баён қилишди. 


—   Илгари Тойлоқ туманига мақола ёзиш учун келсак, бизни фақат фермернинг даласига ёки боққа олиб чиқишарди. Лекин бугун ундай бўлмади. Сўнгги йилларда ҳудудда катта ўзгаришлар бўлибди, туман саноати ривожланибди. Шу йилнинг ўзида 10 та қўшма корхона ўз ишини бошлаганлиги ҳам қувонарли ҳол, албатта. Раҳбар халқ манфаати, юрт истиқболи учун ишласа, мақсад сари шахдам қадам ташласа ўша жойда, албатта, юксалиш бўлади. Мен бугун бу туманда бунинг исботини кўрдим, — дейди «Зарафшон» газетаси  муҳаррир ўринбосари Ғолиб Ҳасанов. 

Суҳбат чоғида туман ҳокими Б. Бобоназаров журналист ва блоггерларни ҳурмат қилишини, уларнинг жойлардаги муаммоларнинг бартараф этилишида ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

— Раҳбарларга қаерда қанақа муаммо ва камчилик борлигини кўрсатиб, уларни ишлашга ундаётган сиз —   журналистлар бўласиз, — деди туман ҳокими тадбир якунида.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев