
Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Мазкур форумда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 200 нафардан зиёд инвесторлар, ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия институтлари, савдо-саноат палаталари , банк, туристик ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашиши кўзда тутилган.
Илк бор ўтказилаётган инвестиция форумининг мақсади вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвесторларни ҳудуд имконияти ва салоҳияти билан таништиришдан иборат.
Мазкур халқаро тадбирда иштирок этиш мақсадида келган хорижий инвесторларнинг бир гуруҳи туманимизда ҳам бўлишди. Меҳмонлар МЧЖ «PED AGRO OIL» Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонасининг ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш цехи, “Сиёб-Шавкат-Орзу” фермер хўжалигига қарашли сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси ҳамда “Боғизоғон” МЧЖ вино ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан яқиндан танишишди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари сут ва сут маҳсулотларидан татиб кўриб, унга юқори баҳо беришди.


Қирғизистонлик инвесторлар ҳам ёғ ва дуккакли экин маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ саволлари билан мурожаат қилишди. Бундан ташқари, Боғизоғон винолари ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар корхона раҳбарлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва экспорт масаласида келишиб олишди.

Тадбир сўнггида туман ҳокими Б. Бобоназаров ҳамда туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Умрзоқовлар туманнинг инвестиция салоҳияти, чет эллик тадбиркорларнинг туманимизда фаолият юритиши учун яратилган қулай шарт-шароитлар хусусидаги маълумот ва тақдимотларини намойиш этишди.
комментариев