» » Иккинчи жаҳон уруши даври

Иккинчи жаҳон уруши даври


    Ўзбек адабиёти ҳақида

       Яна бир неча кундан сўнг машъум  Иккинчи жаҳон уруши тарих саҳифаларидан жой олган ғалаба тонгига 75 йил тўлади. Фашизмга қарши олти йил давом этган қонли жангларда  ўзбек фарзандларининг мислсиз жасорати  ҳақида адабиётимизда нафақат  юзлаб, балки минглаб асарлар яратилганлигини яхши биламиз. Бу давр адабиёти ҳақида сўзлаганда, аввало, адибларимизнинг нафақат қаламини қурол қилиб, жангчиларимизни ғалабага чорлаганлигини, балки уларнинг ўзлари ҳам  аскар кийимини кийиб, уруш фронтларида ёвуз душман билан юзма-юз ва мардларча жанг қилганликларини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, мудҳиш уруш жанггоҳларида  истеъдодли адибларимиз – Шуҳрат, Иброҳим Раҳим, Шароф Рашидов, Вали Ғафуров, Парда Турсун, Султон Жўра, Назармат, Суннатулла Анорбоев, Зоҳиджон Обидов, Султон Акбарий, Одил Ёқубов ва бошқалар чинакам мардлик намуналарини кўрсатдилар.  Адабиётимз майдонига жўшқин овози билан кириб келган  шоир Султон Жўра 1943 йилда  фашист босқинчиларига қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди.Таниқли ёзувчи  Вали Ғафуров эса иккала кўзидан ва бир оёғидан ажралиб қайтган бўлишига қарамай, китобхонларнинг меҳрини қозонган «Вафодор» романини  ва бошқа ўнлаб ҳикоя ҳамда қиссаларини яратдики, бу мухлислар томонидан  мисли кўрилмаган қаҳрамонлик, деб баҳоланди.

      Юқорида таъкидлаганимиздек,  машъум  Иккинчи жаµон урушида ўзбекистонлик жасур ўғонларнинг беқиёс жасорати  ҳақида шоир, ёзувчи ва драматургларимиз томонидан кўплаб бадиий  асарлар яратилди. Уларнинг айримлари  ҳақида тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламиз.    Халқимизнинг ардоқли адиби, Мақсуд Шайхзода   бутун ижодий қувватини, қалб ҳароратини душман устидан ғалаба қозонишга сафарбар этди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларни улуғловчи, фронт орқасидаги кишиларининг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун?» (1941), «Жанг ва қўшиқ» (1942), «Капитан Гастелло (1941), «Кўнгил дейдики» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» (1944) тарихий драмасини  ва бошқа қатор публицистик асарларини яратди.  
       Эҳтиросли  шоир Ҳамид Олимжоннинг 1942 йилда ёзилган  «Жангчи Турсун» балладаси  ва «Қўлингга қурол ол!» шеърлари халқ орасида машҳур бўлиб кетди.  «Жангчи Турсун» балладасида жонини асраб қолиш мақсадида жанг майдонидан қочишни ихтиёр этган аскар Турсунга онасидан хат келади. Қўрқоқ жангчи  хатни ўқиб, даҳшатга тушади:
                Хатни секин очади,
                Уни титроқ  ўрайди.
                Онанинг сўзларидан
                Барг каби қалтирайди:
           
                ...Ўғлим, сендан хушхабар
               Келарми, деб кўз тутдим.
               Лекин, кўп жойни ташлаб 
               Кетибди, деб эшитдим. 

              Қаёққа чекинасан,
              Борми кераксиз еринг.
              Не учун одам бўлдинг,
              Душманга келмасанг тенг.

               ...Шунинг учун жангда мард
               Бўлганинг яхши менга.
               Қочиб тирик қолгандан
               Ўлганинг яхши менга...

  Таъкидлаш жоизки, Она образи балладада Ватан тимсоли даражасига кўтарилган.
Она сўзлари таъсирида Турсун жанг пайтида биринчи бўлиб душман устига ташланади ва қуролдош дўстларини ўз ортидан эргаштиради. Бу билан  ғалабага ҳисса қўшади.  Ўзи эса оғир яраланади, олдинга қараб йиқилади.Шоир асарни гўзал хотима билан якунлайди:
              ...Ўлдими, ухладими,
               Энди барибир унга .
              Уйқуси ўлим каби,
              Ўлим ўхшар уйқуга.
Ҳамид Олимжоннинг «Қўлингга қурол ол!» шеъридаги машҳур даъват жангчиларимизни ғалабага нечоғлик илҳомлантирганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади:
        ...Йигит  бўлсанг, бўлсанг ҳамки чол,
           Қўлингга қурол ол!
Шоир Султон Жўранинг уруш окопларида ёзган «Пулемётчи овози», «Тўпчи Муҳаммад»,  Асқад Мухторнинг «Ғалаба ишончи», «Жангчининг байрам кечаси», Зафар Диёрнинг «Қурол беринг менга!» шеърлари, Ҳамид Ғуломнинг «Қасосим бор», «Катерина» балладалари, ёзувчи ва публицист Назир Сафаровнинг  уруш фронтларида яратган «Ўқ ўтмас ботир», «Сўнгги нафасгача»,  «Қаҳрамоннинг туғилиши» очерклари, Комил Яшиннинг 1942 йилда ёзган «Ўлим босқинчиларга» драмаси, машҳур ёзувчи Шуҳратнинг уруш йилларидаги кечинмалари акс этган «Шинелли йиллар» романи ва бошқа кўплаб асарлар  Иккинчи жаҳон уруши  даври
ўзбек адабиётининг ёрқин намуналари саналади. Бу эса ғалаба онларини яқинлаштиришда адибларимиз катта ҳисса қўшганликларидан далолатдир.
      Уруш инсоният учун бениµоя оғир мусибат эканлигини тарихий ва  бадиий асарлар орқали билиб олганмиз. Бу мудҳиш офатга йўл қўймаслик учун тинчликсевар халқлар тинмай кураш олиб бормоқда. Забардаст шоирамиз  Зулфия таъкидлаганидек:
               ...Уруш, номинг ўчсин жаҳонда,
                 Ҳамон битмас сен солган алам.
                 Сен туфайли  кўп хонадонда
                 Ота номли буюк шодлик кам.



З. АВАЗОВ,
Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.

комментариев