» » УНДАН ҚОЛДИ БИР САНДИҚ КИТОБ

УНДАН ҚОЛДИ БИР САНДИҚ КИТОБ

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни яқинлашаверса, юрагим орқага тортиб кетаверади. Бу дунёни тарк этган азизларим ёдимга тушиб эзиламан. Бирма-бир уларнинг руҳларига Қуръон тиловат қиламан. Бу йил уларнинг сафи яна биттага кенгайди. 9 майда туғилган кунини нишонлайдиган устозим, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси, «Қўшчинор»нинг чинорларидан бири, тиниб-тинчимас ижодкор Тугалбой Музаффаров бугун орамизда йўқ. Аммо устозимнинг овози ҳар доим қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлаверади. Айниқса, ҳафсаласизлик билан қалам тутганимда. У ҳамиша сўзга хасис бўлишни, такрордан қочишимизни, мақола ёзиш учун қалб қўримизни беришимизни, касбимизни ҳурмат қилишимизни уқтирарди. Ўзи мақола ёзиб, таҳрир қилиб, бошқаларникиниям «элакдан ўтказиб», газетани саҳифалаб, яна хатоларини тўғирлаб, 3-4 мартадан ўқиб чиқадиган устоз бунча қувватни олди экан, дея ўйланаман. Янада кўпроқ ишлашга интилган устозга ичимиз ачиб: «Кўп уринманг, шу иш бўлади-да, уйингизга бориб дам олинг», десак, «Э, ҳали сизлар айтгандек ётиб қолар даражада эмасман, токи жоним бор, келавераман", дея хасталик енгиб бораётган вужудини ўктам тутишга уринарди.Танаси зирқираб турсада қоғоз қоралашга тушарди. У киши ёзишни, ёмонликдан ҳам эзгулик қидириб яшашни яхши кўрарди.
Устознинг фазилатларидан бири: ҳар бир ишхонада бўлиб турадиган тортишувлардан, майда-чуйда гаплардан сўнг, эртасига келиб ҳеч нарса бўлмагандек кулиб, сўрашиб кетаверарди. Юрагида кек сақламарди. Байрамларда қўнғироқ қилиб безовта қилмайлик, деб телефон орқали хабар юборсак, эринмасдан жавоб йўлларди. Унинг охирги жавобини кўзда ёш, дилда ғурур билан эслайман: «Шогирдлари баркамол устоздан бахтли инсон йўқ дунёда!»
Устознинг вафоти руҳиятимни ёмон синдирди. Чунки ота-онамдан кейин мени терговчи, камчиликларимни шартта-шартта айтгувчи, уришиб, ғализ жумлаларимнинг устидан чизиб, мақоламни сайқаллаб берадиган ичкуяримдан айрилган эдим.
Т. Музаффаров ҳаёт бўлганида бу йил 71 ёшни қаршиларди. Устознинг дил қонила яралган китобини варақлар эканман, кўнглимда алланечук таскин пайдо бўлди: Оловқалб адиб беиз яшамади. Ундан эл корига ярайдиган фарзандлар ва минглаб китобхонларнинг жавонидан муносиб жой эгаллаган «Тойлоқнома» трилогияси, «Журналист деб атанг», «Самарқанд матбааси фидойилари», «Увайс Қараний ким эди?», «Ёшлик зийнати», «Чапақай ижодкор», «Умрим манзиллари», «Тайлоқнинг нурли излари», «Давр менинг тақдиримда», «Юртим шукуҳи», «Қирғоқда қолган одам», «Асрга татигулик йиллар», «Кўзгудаги одам», «Масъум чечаклар», «Кўнгил гулшани» ва «Юрагимга яқин кишилар» каби йигирмадан ортиқ китоблар қолди.
Умрини савоб ишларга бағишлаган устознинг охирати обод бўлсин. Хотираларимни Т. Музаффаров ижодига мансуб сатрлар билан якунламоқчиман:
Яшаш билан ўлчанмас, 
Инсон босиб ўтган йўл.
Яхшиликка эл учун,
Урганмисан сира  қўл?


Дилрабо КАМОЛОВА.

комментариев