» » Кам таъминланган оилаларга нафақа тўлаш тартиби ва миқдорини биласизми?

Кам таъминланган оилаларга нафақа тўлаш тартиби ва миқдорини биласизми?

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва нафақалар бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 декабрдаги 350-сон Қарорига мувофиқ тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли Низомга асосан белгилаб қўйилган.Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссия томонидан қабул қилинади.

Комиссия фуқаролар йиғини томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудида истиқомат қилувчи обрў-эътиборли ва ҳурматга сазовор фуқаролар орасидан сайланади. Комиссияга фуқаролар йиғинининг раиси бошчилик қилади. Комиссия аъзолари 2 йил муддатга, фуқаролар йиғини раиси эса – унинг бутун ваколати даврига сайланади. Ушбу Комиссия таркиби камида 15 кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссия аъзоси ваколатларининг амал қилиши даврида аъзоликдан чиққан тақдирда, фуқаролар йиғини Комиссия аъзоларини қайтадан сайлайди.

Комиссия қарори, унинг йиғилишида тасдиқланган таркибнинг камида учдан икки қисми иштирок этса қонуний ҳисобланади.
Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Бундан ташқари, болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидаги асосий тамойилларга амал қилишлари белгилаб қўйилган, яъни:
ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиш;
кенг ошкоралик ва очиқликни таъминлаш;
давлат томонидан қўллаб-қувватлашсиз даромадларини оширишнинг аниқ имконияти бўлмаган ҳақиқатда эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш;
нафақалар ва моддий ёрдамни манзилли тарзда тайинлашни таъминлаш йўли билан уларни тўлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларига айрим оилалар ва фуқаролар томонидан боқимандалик муносабатида бўлиш, ўзининг иқтисодий фаоллиги ҳисобига эмас, балки давлат ёрдами ҳисобига яшашга интилишга йўл қўймаслик;
оила аъзоларининг моддий фаровонлиги, болаларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама жисмоний, ақлий ва маънавий-ахлоқий камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, маълумоти ва касб даражасини ошириш борасида оиланинг масъулиятини кучайтириш.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади 

? 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:
•  1 та болали оилага - 131 000 сўм;
•  2 та болали оилага - 217 000 сўм;
•  3 ва ундан ортиқ болали оилага - 304 000 сўм;
? 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа - 434 000 сўм;
? кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам - 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача.

Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги 3 ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.
Бундан ташқари, бола парвариши бўйича нафақани келгусида ҳам олишга муҳтожлиги бўлган тақдирда уни олган шахс тўловларнинг аввалги ўн икки ойлик муддати тугашидан бир ой олдин, бола икки ёшга тўлгунга қадар ушбу нафақани узлуксиз тўланишини давом эттириш масаласини ҳал этиш учун белгиланган тартибда фуқаролар йиғинига такроран мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам олиш учун ариза олдинги даврда тайинланган нафақа ва моддий ёрдам тўлаш муддати тугаётган ойдан кейинги ойга берилади. Такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам учун мурожаатлар болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса – боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади. 

Алоҳида ҳолларда, оилада муомалага лаёқатли аъзолар бўлмаган тақдирда нафақа ва моддий ёрдам оила аъзоларининг ёзма аризасисиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисининг тақдимномаси бўйича тайинланиши мумкин. 

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки уни тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (Комиссия) томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Агар фуқаролар йиғини иштирокчиларининг (Комиссия аъзоларининг) оддий кўпчилиги қарорни ёқлаб овоз берса у қабул қилинган ҳисобланади.

Х. ИСАЕВ,
Тойлоқ туман адлия 
                         бўлими етакчи маслаҳатчиси.   
                                        

комментариев