» » Кам таъминланган оилалар таъминоти —давлатнинг доимий ғамхўрлигида.

Кам таъминланган оилалар таъминоти —давлатнинг доимий ғамхўрлигида.


Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги  Қарори 2013 йил 15 февралда қабул қилинган.

    Мазкур қарорга мувофиқ болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидаги асосий тамойилларга амал қилишлари керак:

    -ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиш;

    -кенг ошкоралик ва очиқликни таъминлаш;

    -давлат томонидан қўллаб-қувватлашсиз даромадларини оширишнинг аниқ имконияти бўлмаган ҳақиқатда эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш;

    -нафақалар ва моддий ёрдамни манзилли тарзда тайинлашни таъминлаш йўли билан уларни тўлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

    -аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларига айрим оилалар ва фуқаролар томонидан боқимандалик муносабатида бўлиш, ўзининг иқтисодий фаоллиги ҳисобига эмас, балки давлат ёрдами ҳисобига яшашга интилишга йўл қўймаслик;

    -оила аъзоларининг моддий фаровонлиги, болаларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама жисмоний, ақлий ва маънавий-ахлоқий камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, маълумоти ва касб даражасини ошириш борасидп оиланинг масъулиятини ошириш.

    Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

    Болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш бўйича нафақа  ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

    Қуйидагилар болали оилаларга нафақа, бола парвариши  бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

    -ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

    -ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

    -14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбилаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

    -ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

    -болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар(оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она(ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

    -ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

    -ёлғиз пенсионерлар.

    Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

    Бола парвариши бўйича нафақани келгусида ҳам олишга муҳтожлиги бўлган тақдирда уни олган шахс тўловларнинг аввалги ўн икки ойлик муддати тугашидан бир ой олдин, бола икки ёшга тўлгунга қадар ушбу нафақани узлуксиз тўланишини давом эттириш масаласини ҳал этиш учун белгиланган тартибда фуқаролар йиғинига такроран мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза уч босқичда кўриб чиқилади.

Биринчи босқичда махсус комиссия ариза берилган санадан бошлаб уч кун муддатда ариза берувчи томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилган маълумотлар асосида оиланинг аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдорини аниқлайди.

Агар оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан кам бўлса, махсус комиссия оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текшириш санасини белгилайди.

Иккинчи босқичда махсус комиссия ариза берилган санадан бошлаб ўн кун муддатда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади, шундан кейин тегишли нафақа  ёки  моддий ёрдамни тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги хулосани фуқаролар йиғинига ёки Комиссияга киритади.

Учинчи босқичда ариза берилган ойнинг охирги кунидан кечикмай, махсус комиссиянинг хулосаси инобатга олинган ҳолда, ариза тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш учун фуқаролар йиғини ёки комиссия томонидан кўриб чиқилади.


   Ў. АҲАТОВ,

туман адлия бўлими 

бош маслаҳатчиси.

комментариев