» » Аҳди қатъий, шижоати юксак йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

Аҳди қатъий, шижоати юксак йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди


Бугун туманимиздан танлаб олинган 75 нафар ўғлонлар йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий қисмларга жўнатилди. Уларни кузатиш тадбирида сўзга чиққан  туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров таъкидлаганидек, юрт сарҳадларини ҳимоя қилиш, Ватан посбони бўлиш ҳамма замонларда ҳам йигит кишининг энг муқаддас вазифаси, бурчи ҳисобланган. Мустақиллик йилларида эса мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи, обрў-эътибори юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки қатъий мақсад, юксак маънодаги шон-шараф ишига айланди.

- Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, бу йил чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириш жараёни янгича тизимда ташкил этилмоқда, – дейди Тойлоқ тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Дилмурод Сидиқназаров.  – 2019 йил 10 августдан бошланган жараёнда чақирилувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, уларнинг умумжисмоний тайёргарлиги аниқланди. Бундан ташқари, касбий танлов бўйича синовлар ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Улар орасидан саралаб олинган йигитлар туман бутлаш комиссияларида тегишли тиббий кўрикдан ўтказилгач, вилоят ҳарбий-тиббий комиссияси хулосаси асосида ҳарбий хизматга жўнатилмоқда. 
   Дарҳақиқат, чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилиниши ёшларимизнинг ҳам масъулиятини янада оширмоқда. Келгусида ҳарбий хизматга бориш учун йиллаб тайёргарлик кўраётган, билим ва савиясини ошириб боришга ҳаракат қилаётган йигитлар сони кўпчиликни ташкил этади.
   – Болалигимдан ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилар эдим, — дейди узунқишлоқлик аскар Отабек Нариманов. — Шу боисдан спорт билан шуғулландим, ўқиб ўргандим. Армияга бориб келган йигитлар билан суҳбатлашиб, нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида сўраб, тайёргарлик кўрдим. Бугун  ниятимга эришганимдан жуда бахтиёрман. Барчанинг ишончини оқлашга, юртимга муносиб фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. Орзуим бир йиллик хизмат бурчимни ўтаб бўлгач, шартнома асосида яна ҳарбий хизматда фаолиятимни давом эттирмоқчиман. 
   
Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев