
Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида жойлашган «Янги шарқ» МЧЖга қарашли дорихонада «Арбидол», «Эргоферон» каби дориларнинг йўқлигига гувоҳ бўлдик.
- Ушбу дорилар тугаганига 4-5 кун бўлди, - дейди дорихона мудираси Камола Қурбонова. – Аммо, харидорлар уларнинг ўрнини босувчи дориларни ҳам сўрамоқда. Талаб кўпайгани сабабли таъминотчи фирмаларга кўпроқ дори воситалари буюртма қиляпмиз.

- Ҳозиргина «Фармацевт» МЧЖга қарашли дорихонадан онам учун дори сотиб олдим, - дейди Тойлоқ туманида яшовчи Сардор Калонов. - Қон босимини тушириш ҳамда шамоллашни даволашда қўлланиладиган оддий дори-дармонлар учун 87 минг сўм маблағ сарфладим. Икки ой илгари булар учун 50 минг сўмдан тўлардим. Қиммат бўлса-да сотиб олишга мажбурман.

Айрим дорилар турли дорихоналарда турлича нархда сотилмоқда. Ҳатто тиббий восита ва ниқобларнинг ҳам нархларида фарқ бор. Самарқанд шаҳридаги «Эрк-Диомед» МЧЖга қарашли дорихонада «Назоферон» томчиламаси 32 минг сўм турса, «Дилмуҳаммад фарм сервис» МЧЖ дорихонасида 25 минг сўмга олиш мумкин.

- Юқумли касалликларга қарши ишлатиладиган дориларни таъминотчимизга буюртма қилганмиз, тез орада олиб келамиз, деб ваъда қилишган эди, - дейди мазкур дорихона мудири Роҳила Субҳонова. – Ўн кун бўлди тугаганига, кўпчилик сўраб келяпти. Иложимиз йўқ, уларга шунга ўхшаш дорилардан тавсия қиляпмиз.
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси жойлашган ҳудудда ҳам ўнга яқин дорихона фаолият кўрсатади. “Sibilekc-farm” МЧЖ, “Зуҳра-Севара-фарм” МЧЖга қарашли дорихоналарда ҳам шу аҳвол. Уларда ташкил этилган коронавирус дори-дармонлари бурчакларида вазирлик томонидан тавсия қилинган дори воситалари тўлиқ эмас. «Арбидол», «Дипиридамол», «Эргоферон» каби воситалар йўқ.
- Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда дорихоналарга коронавирус касаллигига қарши дори-дармонларни тўлиқ етказиб бериш, нарх-навони пасайтириш борасида сўз борди, - дейди “Зуҳра-Севара-фарм” МЧЖ мудири Абдукарим Жамонқулов. – Дорихонамизда ҳам тавсия этилаётган 49 турдаги дориларнинг 15 тури бор. Таъминотчилар ўз вақтида етказиб беролмагани туфайли харидорларга топиб беролмаяпмиз. Ҳатто шу пайтгача ҳеч ким сўрамаган “Азитромицин” дори воситасидан бугун 8 қути сотилди. Айримларининг танқислиги сабабли чекланган миқдорда сотишимизга тўғри келяпти.

- Республика махсус комиссиясининг йиғилишида коронавирус билан касалланган ва уйида даволанаётган беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини назорат қилиш бўйича бош мутахассис Норпошша Шохўжаева. – Ҳозирда бу дори воситаларининг 50 мингта тўплами тайёрланиб, уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Энди бу каби беморларга дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқоблар белгиланган миқдорда, бепул етказиб берилади. Уйдаги бемор ўзи яшаётган ҳудудда жойлашган тиббиёт муассасасининг шифокорлари томонидан ўн кунлик карантинга олинади ва дори-дармонлар уларнинг назорати остида берилади.

Шунингдек, Россия, Ҳиндистон, Беларусь, Арманистон ва Словения давлатларидаги йирик фармацевтика компаниялари билан 8,8 миллиард сўмлик дори-дармонлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.
- Бугунги кунда вилоятимиздаги 200 дан зиёд дорихоналарда коронавирусни даволашда ишлатиладиган дори-дармон воситалари сотилмоқда, - дейди «Самарқанд дори-дармон» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Фурқат Шерматов. – Касалликни енгишда тез самара берувчи дори воситалари билан таъминлаш мақсадида хорижлик ҳамкорларимиз билан ҳам яқин муносабат ўрнатганмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия қилинган «Азитромицин», «Парацетамол», «Витамин С» каби 5 турдаги дори воситаларини барча дорихоналаримизга тарқатдик.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.
* * *
Бахтиёр МУСТАНОВ
олган суратлар.
комментариев