» » Самарқанд: 200 тоннадан зиёд бодом экспорт қилинди

Самарқанд: 200 тоннадан зиёд бодом экспорт қилинди

Маълумки, бодомда кальций бошқа ёнғоқларга қараганда кўпроқ. Бундан ташқари, у целлюлоза ва “E” витаминига бой, бу эса организмнинг яллиғланиш жараёнларига қарши самарали курашиш имконини беради. Шу билан бирга бодом кўриш қобилиятини яхшилаш, ичаклар фаолиятини нормаллаштириш, стрессларни енгиш ҳамда уйқуни тартибга келтиришда ёрдам беради.Ўзбекистонда сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада ёнғоқмевалилар туркумига кирувчи бодом маҳсулотлари экспортига тўхталиб ўтсак. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2019 йилдаги “Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ-5853-сон Фармонига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш белгилаб берилган.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш натижасида устувор йўналишлар қаторида ёнғоқмевалилар (писта, ёнғоқ, бодом) майдонини кенгайтириш мақсад қилиб қўйилган.
Масалан, фақатгина сифатли рақобатбардош бодом маҳсулотлари ҳажми ва етиштиришни кўпайтириш, сақлаш, чуқур қайта ишлаш ҳисобига экспорт географиясини кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Натижада бугун “Made in Uzbekistan” бренди билан дунё савдо расталаридан жой олган бодомларимиз қисқа фурсатларда ўз истеъмолчиларини топаётгани барчамиз учун катта ютуқ албатта .
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, биргина Самарқанд вилоятида фаолият олиб борувчи 49 ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан жорий йилнинг бугунги кунига қадар хорижга умумий қиймати 1 091,03 минг АҚШ долларлик бўлган вазни қарийб 204,2 тоннадан зиёд бодом маҳсулотлари экспорт қилинган.
Бодом маҳсулотлари асосан БАА, Туркия, Испания ва Нидерландияга экспорт қилинган.


Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

комментариев