» » ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ


    Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойларда бевосита ёшлар билан ўтказилаётган мулоқот ва учрашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
    Ана шундай учрашувлардан бири бугун туман ҳокимлигида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, 1-сектор раҳбари ёшлар билан учрашиб, туманда 2021 йилда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасидаги режалар ҳақида ҳисобот берди.  

    Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х. Очилов, туман секторлари раҳбарлари, туман корхона ва ташкилотлар раҳбарлар, уюшмаган ёшлар, спортчи ёшлар иштирок этишди.
   Унда таъкидландики, жорий йилда Тойлоқ туманида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича 8 та йўналишдаги жами 99 та банддан иборат Ёшлар чора-тадбирлар дастури сектор ва чоракбай ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

   Ёшларни даромад манбаига эга қилиш мақсадида – бандлигини таъминлаш бўйича:
   – тумандаги 18-30 ёшгача бўлган 40 905 нафар ёшлар иштирокида анкета сўровномалари ўтказилди. Натижада 4780 та муаммолар аниқланиб, улар 19 та соҳалар бўйича классификацияга ажратиб олинди.
   – “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшлар
сони 1449 нафар бўлиб, ёшларимиз қуйидаги йўналишлар доирасида қамраб олинади:
   Биринчидан, 1449 нафар ёшларни бандлиги таъминланади, жумладан,
   - 316 нафар ёшларни мутахассислиги бўйича тумандаги ташкилот ва корхоналарга тўғридан-тўғри ишга қабул қилинади. Бугунги кунда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 24 нафар ёшлар бўш квота иш ўринларига ишга жойлаштирилди.
   “1+1” тамойили асосида ўрганиш олиб борилганда 95 нафар кўнгилли тадбиркорларимизга 357 нафар ёшлар бириктирилди.
   Иккинчидан, 1149 нафар ёшлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши режалаштирилган, жумладан:
   -540 нафар ёшлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги тумандаги 2 та профессионал таълим марказлари қошида ташкил қилинган 3 ойлик касб-ҳунарга ўқитиш курслари орқали қамраб олиш режалаштирилган.
   Тадбир давомида ёшлар туман ҳокими билан очиқ ва самимий мулоқотга киришиб, ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларини билдиришди.

   -1-сон касб-ҳунар мактабида ўқийман. Бу ўқув даргоҳида ёшларнинг касб ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бироқ амалий машғулотлар учун хомашё етишмаяпти. Шу масалада амалий ёрдам беришингизни сўрайман,-дейди Рустам Саидмуродов.

   Рустамнинг бу саволига жавобан туман ҳокими  хомашё учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб беришини ваъда қилди.
    Тадбирдан сўнг оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда иштирок этган журналист ва блогерлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
 
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев