
Вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан 2021 йилнинг 17 март куни ўтказилган тезкор тадбирда яна шундай нафсига қул бўлган бир кишининг қилмишлари фош этилди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси Нарпай тумани филиалида ишлаб келган Т.Х. жиноят устида қўлга олинди.
Маълум бўлишича, у танишлари орқали Нарпай туманида яшовчи фуқаро Г.Р.нинг ишончига кириб, у яшаб турган уй-жой учун муқаддам ер ажратилганлиги ҳақидаги қарорни тайёрлаб бериши мумкинлигини айтади. Албатта, бунинг учун фуқаро унга 1 млн сўм “хизмат ҳақи” бериши керак эди.
Бироқ, бу галги иш кадастр хизматининг “ҳожатбарор” ходими кутганидек муваффаққиятли якунланмади. У фуқародан порани олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳолат юзасидан фуқаро Т.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28 ҳамда 211-моддасининг 1-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳар ким экканини ўради. Жиноят қилган ҳам албатта жазосини олади. Асосийси, жамиятимизда бу каби иллатларнинг янада томир отишига ўзимиз шароит яратмайлик. Ишни эгри йўллар билан осон битириш, юқоридаги ҳолат мисолида айтадиган бўлсак, пора эвазига сохта ҳужжат олиш мумкиндир. Лекин кези келиб, сохта ҳужжатлар фош бўлганда дардингизни кимга айтасиз?!
Бундан ҳар биримиз хулоса чиқарсак яхши бўларди.
комментариев