» » Маъмурий регламент тасдиқланди

Маъмурий регламент тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»  2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сонли «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида ҳамда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Туғилганликни қайд этиш регламенти

Қарорда туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентида ариза берувчи давлат хизмати олиш учун бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этиши мумкин. Давлат хизматлари маркази ходимига ариза берувчи номидан мазкур регламентда илова қилинган шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради ва ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланади. Мурожаатчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома), туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхалари далолатнома тузган ҳолда 2 соат мобайнида тегишли ФҲДЁ бўлимларига тақдим этилади.

ФҲДЁ бўлимлари бир соат мобайнида қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини, туғилганлик ҳақида гербли гувоҳномани ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топшириладиган туғилганлик ҳақидаги маълумотнома  (суюнчи қоғози)ни Давлат хизматлари марказига юборади.

Давлат хизматлари маркази ФҲДЁ бўлимлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиб олгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ариза берувчини ахборат-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ва ҳужжатларни ариза берувчига топширади. 

ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш

бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентида ариза берувчи шахсан ўзи Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Аризачи сўровномасига паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатини, ишончнома орқали ҳаракат қилаётганда –ишончнома нусхаси, ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат, аризачи васиятномага асосан меросхўр бўлганда васиятнома ва мар-ҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади. 

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари Давлат хизмати маркази  ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши лозим.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. 

Сўровнома марказ томонида тўлдирилиб, ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида тегишли ФҲДЁ органига электрон шаклда юборилади.

ФҲДЁ органи сўровнома тушган вақтдан бошлаб 1 иш соати мобайнида матрик штрихли код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.

Маълумот ФҲДЁ органида мавжуд бўлмаса,   вилоят ФҲДЁ архивига юборади ва бу ҳақда ахборот тизими орқали фуқарони хабардор қилади.

Вилоят ФҲДЁ архивлари 3 иш куни мобайнида маълумотларни текшириб тегишли маълумотни ДХМга юборади ва марказ 10 дақиқа мобайнида фуқарога етказади.

Идоравий нотариал архивлар томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг регламенти

Фуқаро марказга мурожаат қилганида сўровнома тўлдирилади. Сўровномага паспорт нусхаси, ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда ишончнома нусхаси, марҳум номидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар ҳақида архив ҳужжатлари олинаётганда марҳумнинг  ўлими ҳақида гувоҳнома ва ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда васиятнома ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса – уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади, ушбу ҳужжатларнинг асл нусхалари олинади. 

Марказ томонидан барча ҳужжатлар ваколатли органга 10 дақиқа мобайнида электрон шаклда юборилади.

Сўровномаларни кўриб чиқиш муддати:

 А) нотариал расмийлаштирилган ҳужжатларнинг дубликати — 5 иш куни.

Б) нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестр китобидан кўчирма олиш — 2 иш куни.

В) архив ҳужжатларидан нусхалар — 2 иш куни.

Г) архив маълумотномалари — 1 иш куни.

Барча ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ҳужжатлар марказга юборилади, марказ томонидан ҳужжатлар 10 дақиқа ичида аризачига топширилади.

Адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати  далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг регламенти

Аризачи шахсан ўзи Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади.

Ҳужжатларнинг нусхалари асл нусхалари билан солиштирилган ҳолда қабул қилинади.

Давлат хизматлари маркази ходими барча ҳужжатларни сканерлаб олади ва 10 дақиқа мобайнида идоралараро электрон ўзаро боҚланиш ёрдамида ваколатли органга яъни Адлия бошқармасига.юборади. 

Ҳужжатларнинг асл нусхалари (курьер ёки буюртма хатлар орқали) жўнатилади.

Давлат хизмати кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

 Ваколатли орган 5 иш куни мобайнида қарор қабул қилиши лозим ва ДХМ га тайёр ҳужжатларни етказади.

 ДХМ 1 соат мобайнида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. 

  Апостиль қўйишни рад этиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

— агар расмий ҳужжатдаги мансабдор шахснинг имзоси ва муҳрининг босма изи ваколатли органдаги намунага мувофиқ бўлмаса;

— агар расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахс уни имзолаш ваколатига эга бўлмаса;

— қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда апостиль қўйиш рад этилади.

Нодира МИРМУҲАММЕДОВА,

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси.   

комментариев