» » “ЁМОН ИЛЛАТ” ЖАЗО КЕЛТИРДИ

“ЁМОН ИЛЛАТ” ЖАЗО КЕЛТИРДИ

Жиноят - давлат қонунчилигининг қўпол бузилиши бўлиб, бу унга йўл қўйган шахснинг жамиятдаги обрўсига путур етказади, моддий ва маънавий зарар кўришига сабабчи бўлади, энг ёмони - оиласи ва яқинларидан айириб, озодликдан махрум қилади. Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ кунда хам чиқади” деган нақл бор. Лекин... бу нақлга “Қодиров Мирзо” (исм ва шарифлар шартли танланган) амал қилмади. М.Қодиров бошқа ҳамқишлоқлари қатори далага чиқиб, кетмон чопиб, пешона тери эвазига етиштирган ҳосилни сотиб, олган даромадига рўзғорини тебратиши ҳам мумкин эди. Бироқ у фойдали мехнат қилиб эмас, осон йўл билан пул топишни истаб қолди. Шу мақсадда у 2018 йил бахор фаслида “Килдон” махалласидаги уйининг томорқасига “каннабис” гиёхвандлик ўсимлигини экди. 2018 йил август ойи охирлаганда “каннабис” ўсимлиги пишиб етилди. Мирзо уни ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларининг бирортасига ҳам билдирмасдан йиғиштириб олиб, баргларини ҳовлининг кўз илғамас жойига ёйиб, қуритиб олди. Қуриган баргларни 5 дона гугурт қутисига жойлаштирди. У вақти-вақти билан қўлбола усулда тайёрланган “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сигарета қутисига жойлаб, ҳеч кимга билдирмасдан истеъмол қилиб турди. 
Ҳаммаси бинойидек кетаётган эди бироқ, 2018 йилнинг декабрь ойида тезкор маълумотга кўра Самарқанд вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан икки нафар холис фуқаро иштирокида “Килдон” МФЙ ҳудудидаги “Робот” қишлоғида истиқомат қилувчи М.Қодировнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйнинг айвонидаги темир шкафнинг таг қисмида қуруқ ҳолдаги, вазни 8,67 грамм бўлган ичига “марихуана” гиёҳвандлик воситаси жойлаштирилган 5 дона гугурт қутилари борлиги аниқланди.                 
Суд судланувчи М.Қодировга жазо тайинлашда очиқлик, адолат ва ошкоралик мезонларига таянган ҳолда айбдорнинг муқаддам судланмаганлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини ҳамда оилавий шароитини ҳисобга олди. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил ҳар ойда ойлик иш ҳаққидан 10 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.      
Шу тариқа осон пул топиш мақсадида қонунни қўпол равишда бузиб, жиноят содир қилмоқчи бўлган гиёхвандфурушнинг қилмиши фош этилиб, қинғир ишларига чек қўйилди. 
Бугинги кунда ушбу жирканч иллатнинг орқасидан жамиятда салбий оқибатлар, уларни истеъмол қилиш натижасида эса ахоли генефондининг зарарланиши каби холатлар юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли офатлардан асраш хар бир фуқаронинг бурчи эканлигини яна бир бор англамоғимиз даркор. 
Пўлат ҒАФФОРОВ



комментариев