» » Меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш – долзарб масала

Меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш – долзарб масала


Меҳнат бозори инфратузилмаси шаклланиши ва ривожланишининг муҳим шарт-шароити, воситаси бўлиб, унинг субъектлари ўртасидаги алоқаларни таъминловчи меҳнат бозори ахборот тизимини шакллантиришдан иборатдир. Меҳнат бозорида ахборот тизимини такомиллаштириш ҳудудий иш билан бандлик хизмати органлари ўртасида ягона иш билан бандлик сиёсатини юритиш, улар ўртасида коммуникация алоқаларни таъминлаш ҳамда трансакцион харажатларни қисқартириш имкониятларини кенгайтиради. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштирган.
Меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.
Ушбу қарор мамлакатимизда инсон капиталини тўлақонли ривожлантириш, олий ва профессионал таълимнинг сифатини ошириш, меҳнат бозорининг ривожланиши тенденцияларини инобатга олган ҳолда, аҳолининг кенг қатламларини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг 4-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш  ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар  ташкил этилган, уларга қуйидаги вазифалар юклатилган:
меҳнат бозорини, шу жумладан унинг касбий-малакавий тузилмасини мониторинг қилиш, баҳолаш ва стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни рақамлаштириш ва янги прогрессив технологияларни ривожлантиришни инобатга олган ҳолда, малакали кадрларга бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжни қондириш;
касбий стандартлар, тармоқ малакалар доиралари ва малака талабларининг ишлаб чиқилиши ҳамда янгилаб борилишини ташкил этиш;
малака ва билимларни баҳолаш миллий тизимининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш;
касбий малака ва билимларнинг мослашувчан, изчил ва узлуксиз ривожланишини таъминлаш;
малака ва билимларни, нафақат шахс томонидан олинган таълим, балки унинг касбий тажрибаси, кўникмалари ҳамда шахсий ва ишбилармонлик хусусиятларини инобатга олган ҳолда тан олиш, валидация ва аккредитация (сертификация) қилишнинг мослашувчан, шаффоф ва холисона механизмларини жорий этиш;
иш берувчи талабларининг таълим дастурлари мазмуни билан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш орқали таълимнинг сифатини ошириш.
Шунингдек, қарорда 2021 йилга мўлжалланган иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги йирик корхоналар ҳузурида малакаларни баҳолаш марказларини ташкил этиш дастури тасдиқланган.
Малакаларни баҳолашнинг шаффоф, холисона ва самарали тартиботларини таъминлаш мақсадида шундай тартиб ўрнатилганки, унга мувофиқ:
малакаларни баҳолаш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган баҳолаш воситалари, шу жумладан онлайн тестни ўтказишга мўлжалланган дастур таъминотидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
малакаларни баҳолаш жараёни Интернет тармоғида эфирга узатилиб, электрон жисмда видеоёзув орқали қайд этилади;
баҳолаш воситалари Меҳнат институти ёки тармоқ кенгашларида экспертизадан ўтказилиши шарт ҳисобланади.
Юртбошимизнинг 2020 йилнинг 31 декабридаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мамлакатимизда адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, эркин касб танлаш жараёнларига ҳамда меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш жараёнларига ҳар тарафлама ижобий таъсир ўтказиш билан бир қаторда, нсон капиталини тўлақонли ривожлантириш, олий ва профессионал таълимнинг сифатини оширишга хизмат қилади.

        А.Ғафоров,
Тойлоқ туман адлия бўлими
бошлиғи, 2-даражали юрист.          
    

комментариев