» » «ЙИЛИГА 100 ТОННА СУТ ЕТИШТИРАМИЗ!»

«ЙИЛИГА 100 ТОННА СУТ ЕТИШТИРАМИЗ!»

 дейди наслчилик йўналишидаги “Абдуқаҳҳор Агросервис” фермер хўжалиги раиси Адҳам МЕЛИБОЕВ.
 Айни пайтда туманимизда чорвачилик йўналишида 19 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 7 тасини наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ташкил этади. Наслчилик фермер хўжаликлари томонидан 3316 бош қорамоллар парвариш  қилиняпти. Жумладан, сут йўналишидаги “Абдуқаҳҳор Агросервис” фермер хўжалиги томонидан аҳолини сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жами 86 бош қорамол парваришланмоқда.
«Уларнинг 35 бошини сигирлар, 25 тасини ғуножинлар, 26 бошини эса бузоқлар ташкил этади. Хўжаликда бир кунда икки маҳалдан, 700 литр сут соғиб олинади. 2021 йилда 80 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, мактабгача таълим муассасаларига ички бозорларга ва аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда», – дейди фермер хўжалиги раиси Адҳам Мелибоев. Келажакда хўжаликда сут етиштиришни йилига 100 тоннага етказиш чоралари кўрилмоқда .
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 280-қарорида чорвачилик субъектларига субсидия берилиши белгиланган.
 Қарорга мувофиқ, чорвачилик субъектлари хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва ечкининг ҳар бир бошига 400 минг сўмгача  субсидия белгилаб берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлдаги 434-қарорида эса қўшимча қиймат солиғи тўловчилари бўлган чорвачилик субъектлари ўз хўжаликларида етиштириб реализация қилган йирик ва майда шохли қорамолларнинг тирик вазнидаги ҳар 1 килограмм гўштига 2000 сўмдан, ҳар 1 литр сутига 200 сўмдан субсидия берилмоқда.  Бу эса «Абдуқаҳҳор Агросервис” каби чорвачилик йўналишидаги  фермер хўжаликларига маҳсулот етиштиришни кўпайтириш имконини беради.

                                         О. ЖУМАНОВ,           “Ўзагроинспекция”нинг
 Тойлоқ туман бўлими катта инспектори

комментариев