» » Ичкиликка ружуъ қўйган киши борки, барака топмайди

Ичкиликка ружуъ қўйган киши борки, барака топмайди

Ичиб жиноят содир этган хотин-қизларни биламиз. Сархуш машина ҳайдаб, даҳшатли йўл транспорт ҳодисасига сабабчи бўлганларни биламиз. Беш кун сурункали ичиш оқибатида Москвада истиқомат қилувчи эркак ўз хотини ва фарзандини калласидан жудо қилди, деб хабар беради Вести.ру.
Аниқланишича, эркак Янги Йил бошланишидан бери тинмай спиртли ичимликларни истеъмол қилган. Бунга унинг турмуш ўртоғи норозилик билдирган. Оқибатда эр жаҳли чиқиб, хотинининг калласини олиб ташлаган, сўнг эса 1 ёшли боласига нисбатан ҳам шундай қилган.
27 ёшли аёлнинг ва 1 ёшли боланинг калласиз таналари полиция томонидан топилган. Эркакка нисбатан қидирув эълон қилинган. Гумонланувчи қоровул бўлиб ишлагани маълум, дейилади хабарда.
Бу даҳшатли ҳикоя, ароқ хақидаги ҳаммага маълум бўлган ривоятни эсга туширади. Ичкилик ҳамма балонинг онаси деб бежиз айтилмаган.
Дарҳақиқат, бу нохуш одат туфайли қанчадан-қанча фисқу фужурлар, гуноҳлар, зинокорлик, ўғрилик, ҳатто, қотилликлар содир бўлади. Ичкилик сабаб, баъзи тўй-ҳашамнинг мотамхонага айланганлигига ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Ислом шариатида ичкилик таъқиқланган, ароққа сарфланган пул исроф ва ҳаромга харжланган саналиб, жавобгарлиги сўралади. Қуръони каримнинг қуйидаги ояти охирги ҳукм сифатида ичкиликни қатъий тарзда ҳаром қилди: Яъни: «Эй мўъминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш) бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишини ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» («Моида» сураси, 90, 91-оятлар). Бундан ташқари ҳадиси шарифларда, нуфузли исломий манбаларда, ичкиликнинг ҳаромлиги ва зарарлари атрофлича ёритилган. 
Шундай экан тўғри хулоса чиқарайлик.
  О. Аллаев,
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ 
туман судининг раиси     

комментариев