» » Бу кунлар ҳам ўтиб кетар…

Бу кунлар ҳам ўтиб кетар…


Бутун дунё аҳлини хавотирга солиб қўйган касаллик бизнинг юртнида четлаб ўтмади. Декабрь ойидан бери одамларни сергакликка чорлаган бу офат ҳар жабҳада белгиларини намоён қила бошлади. Биринчи бемор аниқланиши билан асосий эътибор фарзандларимизнинг хавфсизлигига қаратилди. Барча таълим масканлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Ташкилот ва идоралар ходимлари масофадан ишлашга ўтишди. Ички ишлар, Миллий гвардия, тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакилларининг  иши бир неча баробарга кўпайди.
Ўзимиз ва яқинларимизни вирус юқишидан асраш учун карантин эълон қилинди.
Фуқароларнинг ниқоб тақиб юриши қатъий қилиб белгиланди. Айрим фаросати камроқ кишиларнинг шарофати билан ниқоблар турли жойларга ташлаб кетила бошланди. Уни ким учун тақдик. Албатта ўзимизнинг, яқинларимизнинг саломатлигимизни асраш учун эканлигини кўпчилигимиз англаб етмадик. Турли микроблардан ҳимояловчи ниқобни тақишни истамаганлар учун минглаб баённомалар тузилди. «Битта маска берворинг, мелиса кўрмасидан тақиб олай». Калтабин одамнинг ахмоқона гапи ғазабимни қайнатди. У ҳовлиққанча узини ташқарига урганидан сўнг дорихонадаги муµокама баттар авж олди...
Вирус иммунитети паст, сурункали касаллиги бор одамларни йиқитишини эшитгач, уй, тўй, кийим-кечакни йиғиштириб, кимдир ота-онасига, бошқаси боласига дармондорига бой маҳсулотларни ташишга тушди. Ҳамиша меҳмонга деб энг сараларини сақлаб қўяётган тансиқ егуликларни ўзимизга ҳам раво кўрадиган бўлдик! «Кўп гўшт есак, тез қариймиз» деганлар аввало қассобхонага чопди. Жонимиз ширин эканда: саримсоқпиёз, лимон, сут-қатиқ, сузмаларнинг даври келди. Доимий равишда мутахассисларнинг омборларимизда озиқ-овқат захираси етарли даражада дейишларига қарамасдан баъзилар ўн оплаб ун, гуруч, шакар, ёғ, совун, кир ювиш кукуни, ҳатто тузни ғамлашга киришди. Бозорларда юриб бўлмай қолди. 
Туманимизда бир йилдан зиёд вақт мобайнида эллик икки мингдан сотилаётган гўшт 45 минг сўмга арзонлашди. (Бу ҳам фақат бозор бўладиган кунларда ва туман марказида!).  «Вируснинг кучини қаранг-а, қассобларни инсофга келтириб қўйди» деб қувонганларни учратдик. Аммо уннинг нархи кўтарилиб кетти. 
Анча пайтдан бери бемор ётган қўшнисини йўқлаганлар, ижтимоий кўмакка муҳтож маҳалладошига, тумандоши, юртдошига хайр-саховат кўрсатадиганлар кўпайди. Эрта-ю кеч ишда бўладиган, ота-онаси, фарзандларига вақт ажратолмай, улар олдида ўзини айбдордек ҳис қиладиганлар масофадан туриб ишлаб, оила даврасида яйрадилар. Ўғил-қизлари кўмагида тансиқ таомлар пишириб, томорқада ишлашга, китоблар ўқишга, спорт билан шуғулланишга ҳам вақт топишди. Йиллар давомида битмаган ишлар битди. Карантин тиланчиларга таъсир қилмади. Баъзи бир ноинсофлар ногирон қизи, ўғли, турмуш ўртоғини бозор дарвозаси ёнига қўйиб кетди. Айримлари аравачани суриб, имконияти чекланган яқинини гавжум жойларга, ур-сурларда олиб юрди.     
Тўй-маърака, гап-гаштакларни ўтказишга уринганлар ҳам бўлди. Томоғимиздан бир қултум сув ҳам минг бўлиниб ўтаётган пайтда юзлаб одамни йиғиб базм уюштиришга уринганларни ким деб аташ мумкин? Момолар таъбири билан айтганда карнай-сурнайга бало борми? Қўлидан келганча кимнингдир рўзғорини обод қилишга, оч қорнини тўйдиришга уриниб, шахсий маблағидан миллионлаб пулларни, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, ўн мингталаб тиббиёт ниқоблари ва дориларни текинга тарқатаётганлар ҳақида эшитиб, боламизнинг уларга ўхшашини ният қилиб турган пайтимизда ҳеч қачон қиммат бўлмаган маҳсулот нархини осмонга чиқариб олган номардларни ҳам кўрдик. Баъзи дорихоналарда бир ой олдин беш юз сўм сотилган ниқобларни беш минг сўмдан олишга мажбур бўлдик. Баъзисидан эса шу нархда ҳам тополмадик. 
Кўринмас ёв билан кеча-ю кундуз курашиб, фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш, уларни соғлом турмуш тарзига 
қайтариш учун кунни тунга улаган оқ халатли халоскорларнинг фидокорлигини, «Биз сиз учун ишдамиз, сиз биз учун уйда қолинг!» дея илтимос қилаётганларини кўриб улар ҳақиқатанда замонамиз қаҳрамонлари эканлигига имон келтирдик. Уларни танимасак-да, жонлари омон бўлишини, касаллик юқтириб олмасликларини сўраб, ғойибона дуолар қилдик.


Ҳали бу синов давридан ҳам ўтармиз. Ниқоблар ҳам ечилади. Аммо қалтис вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринганлар, пул кетидан қувиб, одамийлигини унутганлар, ниқобларини ечмасада асл башарасини ҳаммага кўрсатиб бўлганлар қайси юз, қайси виждон билан эл кўзига қарашаркин? Уларнинг нопок ишларини кузатиб турган фарзандлари олдида ўзларини нима деб оқлашаркин? Парвардигор олдидачи?!
Дока ниқоблар кийдирса-да чармдан-да қалин ниқобларни ечтирган офат кўплаб ҳақиқатларни очиб берди. Аждодларимиз айтганидек, нимаики содир бўлса буни яхшиликка йўйиш керак. Вирус туфайли экологиянинг тозаланганини айтмайсизми? Фарғоналик депутатнинг ўғли учун олиб қўйган уйни сотиб хайрия ишларига сарфлаганига ҳар қанча олқишу таҳсин камлик қилади. Шундай қалтис вазиятда ўғирлик, қиморбозлик, ичкиликбозлик ёки бошқа жиноятни содир этиб халқнинг норозилигига сабаб бўлганларни бир четга қўйиб турайлик, ҳомийлар томонидан эшигининг тагигача олиб келиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларини тарозида тортиб, ношукрлиги, калтафаҳмлигини ошкора намойиш қилиб ижтимоий тармоқларга жойлаганлар ҳақида нима дейишни µам билмайсан киши. 
 Одамларни ҳар қачонгиданда сергак, масъулиятли, меҳнатсевар, меҳрибон, ширинсухан, сахий, тартибли, озода қилиб қўйган, асосийси кимнинг қанақалигини яққол намоён этган вирусга раҳмат айтгим келиб кетди.
   Д. КАМОЛОВА.

комментариев