
Эрталаб соат етти яримларда бир юмуш билан туман марказидаги банклардан бирига, аниқроғи Халқ банкининг туман филиалига йўл олдим. «Эртароқ масалани ҳал қилсам-у ишимга ҳам кечикмай борсам», деган ўй миямда чарх урарди. Бироқ мендан ҳам олдинроқ келиб, ташкилот ҳовлисида «сайр қилиб юрган» ўттизга яқин одамни кўриб ҳафсалам пир бўлди. Демак, бу ерда иш куни ҳали бошланмапти. Банк эшигини очганимда ҳам дастлаб «Иш режими»га кўзим тушди; соат 9.00да бошланиб, 18.00да тугаши аниқ-равшан ёзилган. Шундай бўлгач, ходимлар ҳам «тўққиз»ни мўлжаллаб келишади-да! Ичкарига кирганимда, посбонлар шуни эслатиб, чиқиб туришимни сўрашди. Банк ҳовлисида эса одам янада кўпайди. Саратон ҳавоси эса қиздиришни бошлади. Эркаклар бино девори яқинидан соя излашса, аёллар кираверишдаги зиналарга ўтириб олишди... Одамларимизнинг табиати қизиқ-да; банкда иш соат 9.00дан бошланишини, иш режимини ўзгартириш ёки уларни ёз ва қишга мослаштириш Марказий банк ихтиёрида эканлигини уқтирсангиз ҳам барибир камида бир соат олдин келиб олишади. Кошкийди, ташкилот раҳбарлари «тўққиз»ни қийналмай кутиши учун мижозларга яхшироқ шароит яратиб беришса?! ... «Ўзингиз-чи, ўзингиз...», демайсиз-а? Мен ҳам олдинроқ келиб янглишганга ўхшайман. Ишим битмади, қуруқ қайтишга мажбурман. Ахир, соат тўққизда менинг ҳам иш куним бошланади-да...
А. НИСОРИЙ,
Халқ таълими аълочиси, шоир.
комментариев