» » САМАРҚАНД АЭРОПОРТИГА БУЮК МУНАЖЖИМ НОМИ ЯРАШАДИ

САМАРҚАНД АЭРОПОРТИГА БУЮК МУНАЖЖИМ НОМИ ЯРАШАДИ

Фирдавсмонанд шаҳримизнинг янгидан бунёд этилган «ҳаво дарвозаси»га дунёда тан олган улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек бобомиз номи берилса, ғоят олижаноб иш бўларди.
 Маълумки, шу йилнинг март ойида тубдан қайта қурилган Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали очилиб,  аэровокзалнинг 4 қаватли биноси очиқ китоб шаклида бунёд этилди. Улуғ алломанинг «Зижи Жадиди Кўрагоний» китобидан илҳомланиб яратиган гўзалликда бетакрор бинонинг том қисмида мунажжим яратган юлдузлар жадвали кўриниши  акс этган. Бу эса жаҳоннинг турли гўшаларидан  афсонавий шаҳримизга ташриф буюрадиган меҳмонлар ва  сайёҳларнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлишига шак-шубҳа йўқ. Шу ўринда жўяли савол туғилади: Самарқанд халқаро аэропортига  фалакиёт илмининг дунёда тан олинган даҳоларидан бири – Мирзо Улуғбек номи берилса бўлмасмикан? Бизнингча, бу ғоят савоб ва олижаноб иш бўларди. Негаки, пойтахт Тошкентнинг асосий «ҳаво дарвозаси»га  Биринчи президентимиз ва буюк давлат арбоби Ислом  Каримов номи берилганлиги каби бу саъй - ҳаракатимиз ҳам  миллатимиз шаъну шавкатини дунёга ёйишга хизмат қилса, ажаб эмас. Улуғ алломанинг мангу қўнимгоҳи ҳамда бунёд этган мадрасаю расадхонаси ҳам Самарқандда эканлигини инобатга олсак, Мирзо Улуғбек  номидаги халқаро аэропорт мамлакатимизда туризмни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Мўътабар  ЙЎЛДОШЕВА, 
Абдулла НИСОРИЙ.

комментариев