
«Яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса,... ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ҳеч нарса олмасинлар...»
« Яна амр этдимки, катта- кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар... касаллар учун шифохона қурсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар...»
Табиийки, бунёдкор бобомиз бу каби эзгу ишларини пойтахт Самарқанднинг шундоққина ён бошида жойлашган фусункор Шовдор (Тойлоқ) туманида ҳам айрича меҳр билан олиб борганки, бу ҳақда Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си, Мирзо Бобурнинг «Бобурнома»си ва бошқа кўплаб тарихий асарлар гувоҳлик беради.
Амир Темур Шовдорда ўзининг машҳур, афсонавий боғларидан учтасини, яъни, Боғизоғон, Боғи Дилкушо ва Боғи Давлатободни бунёд этганлигини, уларнинг айримларида, хусусан, Боғи Дилкушо ва Боғи Давлатободда гўзалликда тенгсиз қасрлар бунёд этганлигини тарихий манбаларда ўқиганмиз. «Зафарнома»да Ҳиндистондаги ғалабали урушдан қайтган соҳибқироннинг Боғи Дилкушо ва Боғи Давлатободда ҳордиқ чиқарганлиги ҳикоя қилинади. Бу эса Амир Темурнинг пурфайз Шовдорга меҳри нечоғлик баланд эканлигидан далолат беради.
А. НИСОРОВ.
комментариев