
Франция Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим ҳамкори, шериги сифатида нафақат сиёсий, маданий, ижтимоий соҳаларда балки савдо-иқтисодий соҳасида ҳам муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланиши барчамизга маълум.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш мақсадида Франция билан ҳукуматлараро тузилган комиссия икки давлат манфаатларидан келиб чиқган ҳолда тизимли равишда йиғилишлар ўтказиб келмоқда. Хусусан, 2021 йил давомида ушбу комиссия томонидан 8 маротаба, 2023 йилга келиб 9 маротаба ҳамда 2024 йилга келиб эса 10 маротаба ўзаро манфаатли масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишлар ташкил этилган бўлса, натижада Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – Франция” иқтисодий палатаси фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда 50 дан ортиқ француз ва ўзбек компаниялари ва тадбиркорларини бирлаштириб ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.
Ш.Мирзиёев ташрифи давомида барча соҳаларда самарали ҳамкорлик олиб бориш бўйича музокаралар олиб борди. Айниқса, жаҳон рейтингида етакчи ўринларни эгаллаган Франция олийгоҳлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда Франциянинг илк университетини очиш борасидаги муҳим қадамлар барча ёшларни ва зиёлиларни бирдек қувонтирди.
Биз Самарқандликлар учун фахр ва ғурур бағишлаган ушбу ташрифнинг энг эътиборли жиҳати, Франция пойтахти Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани бўлса, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг ўзбек тилидаги хитоби эса икки тарихий давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш учун замин тайёрлайди.
Шу билан биргаликда, “Самарқанд Француз Алянси”ни ташкил этиш орқали дўстона алоқалар янада мустаҳкамланишига эришилса, ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида 2026 йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайиши учун йўл очади.
Бундан ташқари, ташриф давомида конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқалар Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўриб ўтилди.
Бир сўз билан айтилганда ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги узоқ ва яқин истиқболда барча соҳаларда алоқаларни янада ривожлантиришга, ватанимиз тараққиётига хизмат қилади, биз сиёсий куч вакиллари эса ушбу ислоҳатларга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш йўлида куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз.
Муҳиба Сайфиддинова,
Халқ депутатлари Самарқанд
Халқ депутатлари Самарқанд
вилоят Кенгаши депутати.
комментариев