» » ДИЛГА ТУҒЁН БАХШ ЭТГАН ҚЎШИҚ

ДИЛГА ТУҒЁН БАХШ ЭТГАН ҚЎШИҚ

 10 декабрь  Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун   

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1-боб, 5-модда)


  ...Биз бу тантанавор, пурмаъно, жарангдор ва дилларни жунбушга келтирувчи сеҳрбахш  оҳанг билан йўғрилган қўшиқни ҳар кун бир неча бор эшитамиз. Ҳар гал  уни тинглаганимизда бутун вужудимизни ҳаяжон, ғурур, қувонч каби туйғулар қамраб олади.   Таъбир жоиз бўлса бешикдаги гўдакдан тортиб, «юз»ни уриб қўйган кекса отахон-у онахонларимизгача  қони-жонига сингиб  кетган бу улуғвор  қўшиқ — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясидир. Бундан  27 йил муқаддам, яъни 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган ва Давлатимиз рамзларидан бири саналган  мадҳиямизда  Ватанимизнинг, юртимизнинг қудрати, ҳусну жамоли, бой ўтмишимиз, нурафшон келажагимиз, халқимизнинг орзу- интилишлари мужассамлашган, десак янглишмаймиз. 

    Машҳур тумандошимиз,  спорт яккакурашлари бўйича кўп карра жаҳон ва  Осиё чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси Гулмира Исматова   шундай ҳикоя қилади:

   — Спортдаги ғалабаларим  шарафига   кўп  бор  Ватанимиз байроғи кўтарилиб, Мадҳиямиз янграган. ¤ша лаҳзалардаги ҳиссиётимни сўз билан таърифлашнинг сира иложи йўқ. Айниқса, кураш бўйича Термизда  ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ғалабамдан  сўнг, тақдирлаш маросимида минглаб  ватандошларимиз кўз ўнгида  Мадҳиямизни кўзларимда севинч ёшлари билан куйлаганим сира хотирамдан ўчмайди.Хорижий сафарлар чоғида жуда кўп давлатларнинг мадҳияларини эшитганман. Комил ишонч билан айта оламанки, бизники улар орасида бетакрор...

  Дарҳақиқат, мадҳиямизни ҳар гал тинглаганимизда , ўрнимиздан туриб ва қўлимизни юрагимиз устига қўйиб куйлаганимизда қалбларимиз ғурурга, кўзларимиз эса сурурга тўлаверади.

                                 Санобар НИСОРОВА.                           

комментариев