» » Тойлоқ ёшларини дунё танийди

Тойлоқ ёшларини дунё танийди

  Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида  оғир атлетика ҳамда спорт яккакурашлари  бўйича   жаҳон ва қитъа миқёсидаги   мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ОЗМИ спортчиларини  тақдирлаш тантанали маросими бўлиб  ўтди.


       Жорий йилнинг  25 февраль — 1 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида Осиё  чемпионатида  мактабнинг 11-синф ўқувчиси, шопўлотлик Шарофиддин Амриддинов даст кўтаришда 135 кг., силтаб кўтаришда 155кг., икки кураш натижасига кўра 290 кг. оғирликдаги тошни бўйсундириб, олтин медални қўлга киритди. Чемпион шарафига Мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилди.

     Шунингдек, ўтган ойда мактаб-интернатнинг довруқли самбочиси, Халқаро тоифадаги спорт устаси Авазбек Абдужалилов  Белорус президенти А. Лукашенко соврини учун Минск шаҳрида ўтказилган Халқаро турнирда муносиб иштирок этиб, бронза медални, умидли ёш полвонлар Асқар Хайруллаев (кураш), Темур Насимов ва Ҳайитмурод Эшназаровлар (иккаласи ҳам юнон-рум кураши) мамлакат чемпионати ва кубоги  баҳсларида совриндорлар сафидан жой олишди. 

Ғолибларни тақдирлаш  тантанали маросимида мактаб-интернат  мураббий ва ўқитувчилари, ўқувчилар жамоаси, туман секторлари ҳамда ташкилотлари  раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

  Туман ҳокими Б. Бобоназаров Осиё чемпиони Ш. Амриддинов ва совриндор спортчиларга ҳокимлик фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғаларини топширар экан, уларнинг устозларига ва ота-оналарига самимий миннатдорчилик изҳор этди. Бу каби муваффақияларнинг бардавом бўлишига тилак билдирди.

                                                  Ж. ҲАҚБЕРДИЕВ,

                                                   туман ҳокими ўринбосари.

комментариев