» » 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман ҳокимининг байрам табриги

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман ҳокимининг байрам табриги


Ҳурматли туманимизнинг мунис ва муҳтарама онахонлари!


   Қадрли опа-сингиллар, доно қизларим!



   Гўзал табиатимизга барчамиз орзиқиб кутган баҳор нафаси кириб келган ушбу ёруғ кунларда, айни шу шукуҳли айёмда сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз хотин-қизларини 8 март байрами билан самимий муборакбод этиш менга катта қувонч бағишлайди.


   Асрлар давомида халқимиз томонидан оналарни, аёл-қизларни эъзозлаш эзгу қадриятлардан бири сифатида алоҳида қадрланади. Чунки, меҳр-оқибат ва одамийликнинг илк сабоқлари ҳар биримизнинг юрагимизга она алласи билан кириб, ҳаёт сўқмоғи ва турмуш дарси, оила тотувлиги меҳрибон оналаримиз тарбиясидан, опа-сингилларимиз муҳаббатидан бошланади.


    Сизларни ҳамиша фидойилик, вафодорлик, садоқат, гўзаллик тимсоли сифатида улуғлаш билан бирга ўзларингизга хос бўлган бой маънавий дунёнгиз, ақлу-фаросатингиз, донолигингиз билан ижтимоий-сиёсий турмушимизда алоҳида ўрин эгаллаб келаётганингизни алоҳида таъкидламоқчиман.


     Бугунги кунда хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, профессионал малакаси ва маҳорати ҳисобидан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда. Ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биргина Халқ депутатлари Тойлоқ туман кенгашига сайланган депутатларнинг 30 нафаридан 9 нафари, вилоят кенгашига сайланган 3 нафар депутатнинг барчаси аёллар эканлигининг ўзи хотин-қизларимизнинг нафақат, ижтимоий соҳада балки, сиёсат оламида ҳам мавқеи борлигини кўрсатади.


   Шу ўринда ҳаётда кўп бора ўз исботини топган бир фикрга эътиборингизни қаратишни истардим.


    Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади.


   Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган умуммиллий дастурларимиз бугунги кунда ўзининг самарасини бермоқда.


   Бу борада гап кетганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг хотин-қизларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони туманимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.


    Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур чора-тадбирларга асосан ўтган йилда 30 нафар имконияти чекланган хотин-қизлар, ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёлларга  арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар Республика хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллий бюджет томонидан тўлаб берилди.


    Шунингдек, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 65 нафар  аёллар иш  билан таъминланди, 68 нафарига тиббий, қолганларига моддий ёрдам кўрсатилди. 800 нафар хотин-қизларга яшаш шароитини яхшилаш учун қурилиш моллари етказиб берилиди.


    Бугунги кунда туманимизда 200 га яқин кичик корхоналарнинг раҳбари айнан хотин-қизлар эканлиги қувонарли ҳол. Ўтган 2019 йилдаяна  37 нафар хотин-қизлар банк кредити асосида тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйдилар. Шунингдек, яқинда Украч маҳалласида очилган тикувчилик цехида 40 дан ортиқ аёллар меҳнат қилишмоқда.


     Бизнинг қўл-қаноатимиз бўлган Сиз аёлларимизнинг ижтимоий турмушдаги ўрнингизни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб бериш, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.
Мунис оналар, қадрли опа-сингиллар!


     Турмушимизни янада соғлом ва обод қилишда, олдимизга қўйган мақсад ва ниятларимизни уддалашда, юртимиз буюк келажаги йўлидаги хайрли ишларда, барча ташаббусларда Сизнинг куч-ғайратингизга, билим ва тажрибангизга, фидойилигингизга таянамиз.


      Ҳурматли аёллар!


   Сизларни 8 март хотин-қизлар байрами билан яна бир бор ўз номимдан қолаверса, тумандошларимиз номидан  қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, ҳамжиҳатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.


     Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг!!


  Тойлоқ туман ҳокими                 Баҳодир Бобоназаров.

комментариев