» » Зарурий ҳолатларда кўчага чиққанда ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат фуқаронинг ёнида бўлиши шарт – ИИВ

Зарурий ҳолатларда кўчага чиққанда ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат фуқаронинг ёнида бўлиши шарт – ИИВ

Агар фуқаро кўчага чиққанда ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, уни ички ишлар органига олиб бориб, шахсини аниқлаштириш зарурати пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳаётий зарурат билан кўчага чиқилганда фуқароларнинг паспорти ёнида бўлиши шарт бўлади.



Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида карантин даврида ички ишлар органлари ходимлари зарурий ҳолатларда кўчага чиққан фуқаролардан ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжат сўрашга ҳақли экани ҳақида маълумот берди.


«Ички ишлар органларига бошқа идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиш, тартиб бузганларга нисбатан кескин чора кўриш вазифаси юклатилган.


Кўчадаги фуқарони кўрганда ҳар бир ички ишлар органи вакили ёки миллий гвардия ходими уни тўхтатиб кўчага чиқиш мақсадини сўрашга ҳақли. Бунда фуқаро, албатта, шахсига аниқлик киритиши зарур», дея таъкидлади Шоҳрух Ғиёсов.


Вазирлик расмийсининг қайд этишича, агар фуқаронинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, уни ички ишлар органига олиб бориб, шахсини аниқлаштириш зарурати пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳаётий зарурат билан кўчага чиқилганда фуқароларнинг паспорти ёнида бўлиши шарт.


ИИВ вакили қоидабузарлар нега ички ишлар органларига олиб кетилаётгани ҳақидаги саволларга ҳам аниқлик киритди.


«Қоидабузарлар ҳамма ерда бор. Кўпгина давлатларда: Туркия, Испания, Россия, Ҳиндистон, Исроил, ҳатто, қўшни Қирғизистонда ҳам карантин даврида қоида бузганларни судсиз ҳам жазолашмоқда. Бизда ундай эмас.


Шунинг учун ички ишлар органи ходимларининг қоидабузарлар билан олиб бораётган ишларини тўғри тушунингизни сўраймиз. Улар кўп сонли аҳоли манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилмоқда», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.


Эслатиб ўтамиз, 6 апрелдан эътиборан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилди.

комментариев