» » КОРОНАВИРУС КЎЗИМИЗНИ ОЧДИМИ?

КОРОНАВИРУС КЎЗИМИЗНИ ОЧДИМИ?

Мана деярли бир ярим ойдирки, Худонинг бир кўринмас зарраси туфайли инсонлар кўчага ҳам чиқа олмай қолишди.

Ўзига бино қўйган, ҳаёт лаззатини чиройли уйлар, чиройли мусиқалар, кийим-кечак, лаззатли таомлар, жисмоний лаззатларда ва бошқа чиройли моддий дунёда кўрган одамлар бугун мана шу бир зарра туфайли ўз қилмишлари ҳақида ўйлаб кўришга, ҳаёт фалсафасини, бу дунёга келгани боиси, миссиясини англашга мажбур қолмоқдалар. Бошқа аксарият жамиятларда инсонлар ўз кунини зўрға ўтказаётган бир даврда биз ҳатто хонларнинг тушига кирмаган дабдабаларни ўйлаб топдик. Уйланиш, оила қуриш жуда мушкул муаммога айланди. Одамлар тўйни ўйласа, қўрқадиган бўлди, йиллар давомида чираниб бир кунлик тўй учун дам олмасдан, яхши овқатланмасдан яшашга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, бир кунлик ғоз туриш олдида бу қийинчиликлар кўринмай кетаётгандек тасаввур уйғотди. Биз фарзандларимизнинг тарбиясини ташлаб қўйдик, улар билан бирга дарс қилмадик, озиқ-овқати, саломатлиги борасида кўнгилдагидек қарамадик. Бўш вақтини самарали ташкиллаштирмадик, тил ўрганишга, китоб ўқишга ўргатмадик. Унинг ўрнига турли-туман ўйлаб топилган тадбирлар, гап, қовурдоқ, никоҳ чорлар, фотиҳа ва бошқа ўнлаб тадбирларда вақт кечирдик. Тўйларга миллионларни сарфлаган ҳолатда фарзандимизга арзимаган пулга китоб олиб беришга оғриндик. Бадавлат инсонлар фарзандига ҳамма нарсани муҳайё қилиб берса-да, уларнинг фарзандлари аксарият ҳолатларда камбағалнинг боласичалик меҳр-оқибат кўрсата олмади. Ҳаромдан топилган бойлик билан яхшилик умид қилиш бизнинг жамиятимизга баъзи инсонларга хос хусусиятлардан бири бўлди. Биз меъёрни унутдик. Оилани деб ота-онани ёки аксинча, уларни деб оиламизни иккинчи даражага туширдик. Ҳалол-покиза хотин-эрлар турганда кўчадан бахт қидира бошладик. Аксарият оилаларда аёллар машаққат ортида қолди. Эркаклар пул топса бўлди, "эркак киши кўчаники" деган тушунчалар бизнинг онгимизда шаклланди. Оилада эркакнинг роли пасайди, баъзи эркаклар ҳам фарзанд тарбиясидек оғир масъулиятдан сал нари турдилар. Оқибатда Алпомиш, Жалолиддин, Амир Темур каби норғул йигитларни тарбиялашда ожиз қолдик.


Аслида оилалар моддий неъматларни, деб бузилиб кетаётганди. Келинни ва куёвни ҳам бақувват оилалардан қидирдик, лекин уларга аввалги ҳаётни таъминлаб бера олмадик. Улар бизнинг шароитимиздан жирканди. Биз келин томондан умид қилишгача етиб бордик. Қиз туққанлар айбдор бўлиб қолди. Ҳайриятки кейинги пайтларда бу иллатлар камайиб бормоқда. Бойларнинг фарзандлари биз истаганчалик инсонлар эмас эди. Натижада нотенглар иттифоқи тез орада қулашга маҳкум бўлди. Моддий дунё-бойликнинг маъбуда даражасига етиши инсон қадрининг пасайишига, камбағал қатламларнинг ўксиниши, ҳаётининг тобора ёмонлашиб боришига олиб келди. Ижтимоий адолатсизлик гўёки темир қонун каби бизга чирмашиб олди. Биз дастурхонимизни фақат таниш-билишларга, бизга тоғдай туриб бериши керак бўлган инсонларга ёздик, аммо битта нонга зор қўшни, қариндош-уруғ, ака-укаларимиздан Худо бизга синов учун берган омонат неъматларни раво кўрмадик. Бойлар келса халқ ҳам бир қалқиб тушди, давраларнинг тўрига биз маънавий қашшоқ бўлса ҳам бадавлат-басавлат, юрганида от ҳуркадиган қалби қаттиқ инсонларни ўтиргиздик. Бойлигимизнинг яна-да кўпайиши мақсадида пул билан катта-катта мансабларга ўтирдик. Ўзимиз раҳбар бўлган корхоналарни отамиздан қолган мерос, деб билдик ва унга истаганимизча таниш-билиш, қариндош-уруғларни йиғдик. Маъанавий-аҳлоқий дунё - меҳр-шафқат, адолат тушунчалари биздан етти қадам нарида қолиб кетганига анча вақт бўлган эди... Биз ҳажга борсак ҳам тўй-томоша қилдик, ҳамманинг иқтисодий имкони бир хил бўлмагани ҳолда чиранишлар ортида бир хил дабдабаларга эришдик, қарзларга ва фоизларга кириб ўртандик. Бунинг ортида турли касаллар ҳам орттириб улгурдик. Бошқа юртларда сарсон бўлиб кўп-кўп пул топишга интилдик, аммо фарзанд тарбиясиини бой бердик. Бу каби рўйхатлар ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин. Коронавирус бизни ва бизга ўхшаган ва инқирозлари бошқачароқ кўринишдаги жамиятларни, дунёни силкитганда бир сескандик ва Худони эслаб қолдик.


Биз бугун бою камбағалнинг қорни бир коса таом билан тўйиши, одамга бахтли бўлиши учун кўп нарса керак эмаслигини англамоқдамиз. Маънавий дунёси бор инсон учун тинчлик, соғу саломат, жон-жигарлари, Ватани тинч бўлса шунинг ўзи катта бахт эканлигини тушуниб етади ва доимо Аллоҳга шукур қилади. Мутахассисларнинг айтишича, бундан кейин инсонлар бошқача яшашга ўрганадилар. Тинчлик ва соғликнинг ўзи катта неъмат эканлигини англайдилар. Худо яратган мана шу олам низомларини бузаётган ҳам инсон эканлигини, ҳар кимнинг ўзини ислоҳ қилиши лозимлигини ақл кўзи билан кўрадилар. Ота-боболаримиз бу дунёни ўткинчи, деб билиб, бир кунлик неъматга шукур қилиб меҳмон каби яшаб ўтганлар. Афсуски бизни кибр ўраб олди, бошқаларни паст санадик, ўзимизни дунёда мезбон, деб билдик.


Бу пандемия орқали яна бир ўтмишимизга, қилган ҳаракатларимизга назар солиш имконияти пайдо бўлди, десам хато бўлмас.


Биз ким эдиг-у ким бўлдик? Биз кимларнинг фарзанди бўлганмиз? Уруш пайтида оч бўлса ҳам мардонавор жон берган боболарнинг ор-номуси бизнинг қаттиқ қалбимизни титратиб асли ҳолимизга қайтарармикан? Уларнинг руҳини чирқиратмасдан бундан кейин ул ҳазрати инсонлар каби яшай оламизми? Ота-боболаримиз минг йиллардан бери асраб келаётган сабр, шукур, иффат, ор-номус, ҳаё, адолат, меҳр ва қанчадан қанча қадриятларни босиб ўтиб кетишни тўхтата оламизми?  Ичимизда ўз она тилида сўзламайдиган даражадаги ўзбексимонлар ҳам пайдо бўлди. Ким қайси қавмга тақлид қилса қиёматда ўшалардан бўлиб қолиши ҳам бизни қўрқитмади. Биз қариган сари ёшаришга интилиб бордик. Ўзимизга раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриш тушунчасидан узилдик... Бу каби камчиликларимизни жуда кўп мисоллар ёрдамида давом эттириш мумкин. 


Бу саволларга ҳар бир инсоннинг виждони олдида сарҳисоб қилиш вақти етмадимикан?


Сиз нима дейсиз?

Шоҳиста ЎЛЖАЕВА.

комментариев