» » Онлайн дарслар ўйинчоқми?

Онлайн дарслар ўйинчоқми?


Мулоҳазаларимни қоғозга тўкишдан олдин бир нечта ўқув муассасалари ўқитувчилари томонидан тузилган телеграмм гуруҳларда жараёнларнинг қандай бораётганлиги билан қизиқдим ва амин бўлдимки, барча гуруҳларда ҳам натижа кутилган даражада эмас. 
Ўз касбининг фидойилари бўлган ўқитувчилар онлайн дарслар видеосини гуруҳга ташлаб, уй вазифаларини текшириб, ўқувчиларни баµолаб боришяпти. Уларнинг билимларини мустаҳкамлаш учун қўшимча равишда бошқотирмалар, тестлар, назорат ишлари юборишяпти. Фаол ўғил-қизлар эса имкон даражасида топширилган вазифаларни бажаришяпти ва ўқитувчиларининг: «Баракалла», «Ота-онангизга раҳмат», «Сиз бизнинг фахримиз» каби олқишларига сазовор бўлишяпти. Баъзи камтар, камсуқум, одамови ўқувчилар учун онлайн дарслар мўъжиза яратди десак, янглишмаймиз. Шундай ўқувчилардан бир нечтасининг тўлиб-тошиб шеърлар ёдлаб айтганининг, антиқа тасвирлар чизиб ёки турли нарса буюмлар ясаб, суратга олиб гуруҳ аъзолари билан баҳам кўришаётгани қувонарли ҳолдир. 
Видеодарсларнинг нечоғли фойдали, фарзандларимизнинг билим олиш жараёнини давом эттириши ва вақтларини самарали ташкил этишдаги роли муҳимлигини кўпчилигимиз яхши англаб етдик. Аммо қимматбаҳо телефонининг «бузилиб қолишини», мегабайтларининг камайишини, вақтининг ёки шапалоқдек аппарати йўқлигини рўкач қилиб, дарсларга беътиборлик билан қараётганлар ҳам орамизда анчагина. Боласининг қўлига телефонини бериб қўйиб, ундан қандай фойдаланаётганлиги билан қизиқмаётганларнинг борлиги ҳам ҳақиқат. 
«Энг, ёмони, — дейди ўқитувчи дугонам. — Айрим ўқувчиларни баҳолашда қийналяпмиз, чунки ўқувчилар «Золушка», «Феррари», «Роналдо», «Месси», «Салах», «Севги гадоси», «Яримта юрак» каби тутуруқсиз номлар остида топшириқлар жавобини йўллашяпти. Камига нега менинг боламга баҳо қўймаяпсиз? — деб,  андишасиз сўзларни ҳам ёзиб юборишяпти. Шундай ота-оналар билан қўнғироқлашиб, телеграмдан фойдаланувчининг номини ўқувчининг исми фамилияси билан аташини тушунтирдик. Кўпчилиги айбини тан олиб, хатосини тўғирлади, бироқ шолининг ичидаги курмаклар ҳамон учраб турибди».
Шу ўринда видеодарсларга беътиборлик билан қараётган ота-оналар, ўқувчилар қаторида ҳатто ўқитувчиларнинг ҳам борлиги ғоят ачинарлидир. Бир синфда 25, 30 нафардан ортиқ бола ўқийди. Гуруҳларга эса саноқлигинаси қўшилган. Синф раҳбарлари доимгидек, давомат дафтари юритиб борсалар кўплаб тушунмовчиликларнинг олди олинган бўларди. Чунки озгина вақтдан сўнг, ғалвир сувдан кўтарилади, имтиҳонлар бошланади.  
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларда 2019/2020 ўқув йили online-maktab лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.
Фарзандларимизнинг улардан қай йўсинда фойдаланиши кўпроқ биз катталарга боғлиқ. Шундай экан, зурриёдларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик. Турфа баҳоналар билан елкамиздаги масъулиятни четга сурмайлик. Ана шундагина кўзланган марраларга давомчиларимиз билан биргаликда осон етамиз. Шундай эмасми?
Хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирдик.
Д. КАМОЛОВА.

комментариев