» » БИРИНЧИ «ГОНАРАР»ИМНИ ОНАМГА БЕРГАНМАН

БИРИНЧИ «ГОНАРАР»ИМНИ ОНАМГА БЕРГАНМАН

Тойлоқ замини кўплаб зиёли, маърифатпарвар ўқитувчи-ю ижодкорларга бешик бўлган. Улар орасида қалам аҳллари саналмиш донгдор журналистлар, шоир ва ёзувчилар ҳам бор. Ўнлаб китоблар муаллифи журналист Тугалбой Музаффаров, устоз шоир Ўткир Раҳматов, Қазалнавис Жамол Сирожиддин (Хумий), ҳассос ижодкор Абдулла Нисорий сингари мумтоз мураббийларнинг меҳнатини бугун такрор эътироф этиш жоиз. Устозлар ижод маҳсулини ўқиб, ундан таъсирланиб яна қанча муштарийлар қўлига қалам олди, ижод завқи билан ҳамнафас бўлди.

Ўғилой Йўлдошева ўттиз йилдан ошиқ вақт мобайнида она тили ва адабиёт фанидан дарс берди. Ўқитувчилик билан бирга газета-журналларда, илмий-адабий алманах ва рисолаларда ўзининг ўткир мақолалари билан мунтазам қанташиб турди. Бугун Равот маҳалласида раис ўринбосари бўлиб ишламоқда. «Оила ва жамият», «Оила даврасида», «Маҳалла»каби рўзнома саҳифаларида оилавий муносабатларга доир ҳаётий мулоҳазалари тез-тез ўрин олади. Ҳамон ўрганиш ва ўргатишда давом этмоқда.
— Журналист бўлиш болаликдаги орзуим эди, — дейди муаллима. — 5-6 синфда ўқиб юрган кезларим мактабда ўтказилган тадбирми, ҳашарми шу ҳақда қоғоз қоралаб почта орқали ўша пайтларда чоп этиладиган «Шарқ тонги» газетасига юборар эдим. Исм-шарифим билан газетада чиққан биринчи хабарни ҳали-ҳали сақлайман. Энг биринчи қалам ҳақини эса онамга берганимда уларнинг бирам суюниб дуо қилгани кўз олдимдан кетмайди. Шу-шу келажакда журналистика куллиётида ўқиш истаги билан улғайдим. Биз оилада саккиз фарзанд эдик. Пойтахтга — олисга ўқиш учун юборишга ота-онамнинг моддий имкони етмасди. Кейинчалик Самарқанд давлат университети филология йўналишида таҳсил олдим. Ўқиш асносида газета ва журналларга шеър, мақола, хабар юборардим. Таҳририят ходимларининг «жамоатчи мухбиримиз» дея аташлари менга янада куч берарди. Инсон чин дилдан ненидир истаса ва шу йўлда меҳнат қилса, албатта меҳнати зое кетмайди.
Ўғилой Йўлдошеванинг туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган бир қатор танловларда ғолиб бўлишида унинг оммавий ахборот воситаларида доимий равишда чиқиш қилиши ҳам муҳим рол ўйнагани шубҳасиз. Негаки, жамиятдаги воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш билан бирга шу воқеаларга ўз муносабатини билдира олиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш бугунги жамоатчининг бирламчи вазифаси ҳамдир. Ҳозирга қадар муаллима 100 дан ортиқ таҳлилий-танқидий мақолалар муаллифи бўлди. Шоира, ижодкор, ўқитувчи ва жамоатчи мухбир Ўғилой Йўлдошевани 27 июнь — «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан қутлаймиз!
                                    Наргиз ЮНУСОВА,
                            «Қўшчинор» газетаси мухбири.

комментариев