» » Эҳтиёжманд оилаларга маиший техника жиҳозлари берилди

Эҳтиёжманд оилаларга маиший техника жиҳозлари берилди

   Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида федерация томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди.
   Ўрганиш натижаларига кўра, уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун туманимизда ана шундай эҳтиёжманд оила хотин-қизларига маиший техника жиҳозлари берилди.

   Шу мақсадда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этган туман ҳокими Б. Бобоназаров 29 та тикув машинаси, 3 та кир ювиш машинаси ҳамда 2 та газ плитасини ўз эгаларига топширди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам пули зарурлигини билдирган 10 нафар хотин-қизларга 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача бўлган пластик карточкалар берилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.


 

комментариев