» » Равотни чет элликлар ҳам билади

Равотни чет элликлар ҳам билади

  Катта ҳаёт бўсағасида турган ёш оила ўз йўлини топиб кетгунча муайян синов ва қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келади. Шундай вақтда уларнинг ёнида далда берадиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган ота-оналарнинг,  қайнота-қайноналарнинг борлиги катта бахт. Оиланинг мустаҳкам бўлиши нафақат эр ва хотинга, балки қайнона ва қайноталарга ҳам боғлиқ. Бугунги кунда қайнона-келин муносабатлари борасида кўп гапирилмоқда. Чунки айрим қайнона-келинлар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида ёш оилалар барбод бўлмоқда. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида турли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб ҳаётга тадбиқ этилмоқда. 

Ана шундай тадбирлардан бири маҳалламизда ташкил қилинди. «Адолат» социал демократик партияси туман кенгаши билан ҳамкорликдаги «Қайнонам онам, келиним болам» кўрик-танловининг дастлабки босқичи қизиқарли ва мазмунли ўтганлиги билан аҳамиятлидир. Унда маҳалланинг 5 та гузаридан 5 нафар қайноналар 3 та шарт бўйича беллашишди. Танлов иштирокчилари ўзларининг чаққонлиги, ҳозиржавоблиги, пазандалиги,  ижодкорлиги, ҳақгўй ва меҳрибонлиги каби ҳислатларини намойиш этишди. 

     Ҳайъат аъзолари кўрик-танлов ғолибини аниқлашда анча қийинчиликларга дуч келишди. Чунки уларнинг барчаси ўзининг ҳар ишда моҳир эканликларини кўрсата олишди. Якуний хулосага кўра «Пазанда қайнона» номинациясига Башорат Ҳасанова муносиб деб топилган бўлса, Сожида Рустамова «Ижодкор қайнона»га лойиқ кўрилди. «Моҳир тикувчи» Гулсара Камоловага,  «Тадбиркор қайнона» эса Толибахон Жалиловага насиб этди. Танлов ғолиби Сайёра Мелибоева «Ибратли қайнона» номига сазовор бўлди. 

    Баҳонада маданий ҳордиқ чиқараман, рўзғор ташвишларидан бир оз чалғийман, қолаверса, гузаримиз шарафини ҳимоя қилаётган иштирокчига далда бериб тураман, деб келган томошабинларга тадбир манзур бўлганлиги уларнинг кайфиятидан маълум эди. Тадбир сўнггида зални тарк этаётган ёш келинчакнинг ҳамроҳига айтаётган гапи бехосдан қулоғимга чалинди: «Овсин, бу кўрик-танловдан кейин баъзи қайноналар келинларининг қадрига етиб, уларни ўз қизидек кўриб, яхши муносабатда бўлиши аниқ. Қайнонам қайнамасин,  десангиз у кишини ҳам мана шундай  танловларда иштирок этишига унданг...»

    Албатта, қилган ҳаракатларингиз зое кетмай ўзини оқласа, меҳнатларингиздан яхши натижа чиқса, бу сизнинг катта ютуғингиз ҳисобланади. Ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия маскани ҳисобланмиш оилаларимиз мустаҳкам бўлса, юртимиз қудратли бўлади. 

    Шу ўринда Жанубий Кореяда нашр этилган, корейс тилида ёзилган «Ўзбекистонни ўрганамиз» номли китобда маҳалламиз номи зикр этилиб, намунали маҳалла сифатида ижобий фикрлар билдирилганлиги, турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз акс эттирилган суратлар билан бойитилганлигини айтиб ўтишни жоиз деб билдим. Бу хушхабар барчамизни бирдек қувонтирди. Кўксимиз фахрга тўлди, куч-ғайрат бахш этди. Янада фаол бўлишга, юрт ободлиги, оила мустаҳкамлиги, фарзандлар келажаги учун сидқидилдан меҳнат қилишга ундади. 

Ўғилой ЙЎЛДОШЕВА,

туман кенгаши депутати.

комментариев