» » Мақсадимиз — ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш

Мақсадимиз — ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш


Туман ички ишлар бўлими ЙҲХБ томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ҳушёрлигини янада ошириш борасида бир қатор профилактик рейд тадбирлари амалга оширилмоқда. 
Жумладан, бўлим ходимлари автобус ташкиллаштириб, ҳудудий профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳар куни соат 22 дан 23 га қадар туман ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида патруллик қилишмоқда. Бунда асосий эътибор йўлнинг қатнов қисмида маст ҳолатда юрган пиёдаларга қаратилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига асосий сабаб бўлаётган тезликни ошириш ҳолатларини аниқлаш самарадорлигини яхшилаш мақсадида А-377 «Самарқанд — Айний» ва 4р-50 «Тойлоқ — Ургут» давлат аҳамиятидаги йўлларда махсус техника воситаларидан, айниқса, «КРИС-П», «Бинар», «Искра видео-2КР» фоторадар комплексларидан унумли ва узлуксиз фойдаланиш йўлга қўйилган.
Ҳафтанинг ҳар жумаси «Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш куни» деб белгиланган бўлиб, ҳудудий ИИБ ходимлари иштирокида махсус рейдлар ўтказилиб, уларда қўпол равишдаги қоидабузарликлар, айниқса, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар аниқланади ва маҳаллаларда, корхона, ташкилотларда жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида сайёр судлар уюштирилиб, жавобгарларнинг иши муҳокама қилинмоқда.
Транспорт воситалари ҳаракати юқори бўлган ва йўл-транспорт ҳодисалари ошган ҳудудларда, яъни педагогика коллежи, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, Боғизоғон бозори олдида 2 та, жами 4 та янги светофор, «Ласетти» русумли патруль автомашиналарининг муляжлари ҳамда янги йўл белгилари ўрнатилиб, пиёдалар ўтиш чизиқлари чизилди. Шунингдек, А-377 «Самарқанд — Айний» автомобиль йўлининг 4, 17, 23 километрларида 5 та устун ўрнатилиб, ёритиш чироқлари қўйилди. 
Ҳар ой якуни бўйича ҳудудий тергов идоралари ва тиббиёт муассасалари билан таққосланади ҳамда аниқланган йўл-транспорт ҳодисалари ва вафот этганлар юзасидан маълумотлар жилди тўлдирилиб, марказлашган ҳисобга қўйилиши таъминланмоқда.
Содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг чуқур таҳлили асосида автоҳалокат ўчоқлари аниқланиб, вилоят 1-отряд инспекторлари билан ҳамкорликда рейдлар ўтказиляпти. Йўл патруль хизмати ходимлари йўл-транспорти ҳодисаларини келтириб чиқарувчи қўпол қоидабузарликларни, айниқса, тезликни ошириш, одам ташиш, қувиб ўтиш ва светофорда ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилмаслик, маст ҳолда ва тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқариш ҳолатларини аниқлашга катта эътибор қаратишмоқда. 
Ўлим билан боғлиқ, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тунги вақтларда (соат 1 дан 5 гача) халқаро аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлларида ҳаракатни ажратувчи бетон тўсиқлар бўлмаган қисмларида юк авиамобилларининг ҳаракатини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Бу турдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари билан мулоқот қилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Улар тунги вақтда хавфсиз жойда дам олишлари учун имкон қадар шароит яратиб беришга кўмаклашяпмиз.

комментариев