» » «Томорқадан тилла топдим!»

«Томорқадан тилла топдим!»

дейди тожикравотлик шижоатли отахон, бугун 70 ёшни қаршилаётган Мирзоқул Сувонов.


Мирзоқул отанинг ёшларга хос салмоқ билан одимлаши, кўзларида самимият аралаш чўғ порлаб турганини кўрган киши унга нари борса 45-50 ёш беришига шубҳа йўқ. Ўалол луқма ва элга фойда келтирувчи, сўзи-ю ўзи пок одамларгина кексаликни ортга сура олар эканлар.

Отахоннинг файзли хонадонидамиз. Уй соҳиби очиқ чеҳра билан саломлашгач, бизни помидор қип-қизариб пишган иссиқхона томон бошлади. Ҳар бири ярим килогача тош босадиган, товланиб кўзни қамаштирадиган неъматга ҳавас билан қараётганимизни сездими, ҳарқалай саволимизни ҳам кутмай сўз бошлади.

— Иссиқхонани бундан икки йил олдин ташкил этганмиз; дастлаб ер майдони 3 сотих бўлса, эндиликда 5 сотихда деҳқончилик қиламиз. Шундан 3,5 сотихига сиз кўриб турган помидорнинг Голландиядан келтирилган навини экканмиз.

Яна бир ярим сотихли лимонариймиз ҳам бор. Куни кеча вилоят телевидениесидан келиб, суратга олишди. Меҳнат орқасидан бундай иззат- эътибор топиш кишининг ғайратига-ғайрат қўшаркан. Мавлуда аянгиз ҳам жуда хурсанд бўлди. 

Мирзоқул ака юз карра ҳақ! Оилага, эл-юртга наф келтирадиган меҳнат ҳамиша кўнгилга завқ-шавқ баҚишлайди. Бутун умри меҳнат билан кечган қаҳрамонимиз ўзидаги яхши фазилатларни фарзандлари — икки ўғил ва уч қизга ҳам сингдирди. Уларнинг барчаси уй-жойли, касб-корли бўлиб кетишган; Алишер банк ходими, Зарина  ўқитувчи, Зарифа ва Нилуфар шифокор, Суннатилло эса — тадбиркор...

— Президентимиз томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича кўплаб доно кўрсатмалар беряптилар, дейди отахон. — Тўғри-да, хазина оёғимиз остида бўлса-ю, бошқа жойлардан даромад изласак, Худога ҳам ёқмайди. 

Шундай имконияти бўла туриб, ўзини «кам таъминланган»лар сафига қўшиб юрган кимсаларга қарата: «Томорқангиз борми, демак, тиллангиз бор; меҳнатдан қочмасангиз бас», дегим келади...

Юқорида таъкидлаганимиздек, Мирзоқул ота, бугун қутлуғ 70 ёшини нишонлайди; фарзандлар, невара-чеваралар, ёр-дўстлар тўкин дастурхон атрофида жамул-жам бўлишади. Дастурхондаги ноз-неъматлар орасида тўй соҳиби ўз қўли билан етиштирган помидор ёқутдек товланади...

       Р. ҚАҲҲОРОВ,

           туман молия 

 бўлими мутахассиси.

        А. САЛОМОВ,

              журналист.

    

комментариев