» » Аччиқ, аммо фойдали

Аччиқ, аммо фойдали

Пиёз энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан бири. У овқатни мазали ва фойдали қилиш билан бирга даволаш хусусиятига эга бўлган кучли восита ҳамдир.
Бу мўъжизакор сабзавот қадимдан муқаддас ҳисобланган ва Ҳиндистоннинг Аюрведа тиббиёт тизимида ҳамда Қадимги Хитой тиббиётида шамоллашга қарши энг яхши дори сифатида фойдаланилган.
Жаµон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ҳам пиёзни эфир мойи, витамин С, В, В2, В қандлар, фитин, азотли бирикмалар, оз миқдорда йод, фитонцидлар, флавоноидлар ва бошқа моддаларга бой маҳсулот деб баµолаб, нафас йўллари инфекциялари, тумов, шамоллаш, бронхит каби хасталикларга энг яхши даво деб эътироф этган. Унинг барги таркибида эса витамин С, В2, каротин, эфир мойи, қандлар, фитонцидлар ҳамда органик кислоталар бор.
Русларнинг қадимда ёзилган «Шифобахш гиёҳлар» китобида пиёз ҳақида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Мабодо юртингизда юқумли касалликлар тарқаб кетса, уй хоналарига бош пиёзларни осиб қўйинг. Шунда даргоµингизга ҳаводан тарқайдиган касалликлар кира олмайди, хонангизнинг ҳавоси покиза бўлади».
Мазкур тавсияга ҳар доим амал қилиш эса жуда фойдали. Агар кечки пайтда пиёзни тўрт қисмга бўлиб, уни хонанинг ҳар ерига қўйиб чиқсангиз, грипп вируслари оилангизга таҳдид қила олмайди.
Пиёз ҳаводаги микробларни ўзига сўриб, уларни зарарсизлантиради ва одамнинг танасига киришига йўл қўймайди.
Олимларнинг фикрига кўра, пиёзнинг бу хусусияти унинг витаминларга бой таркиби билан боғлиқ. Яъни, унинг таркибидаги олтингугурт билан бирикувчи сульфидлар, органик кислоталар жуда фойдалидир. Айни шу моддалар пиёзни арчганда бизни «йиғлаш»га мажбур қилади. Пиёз бўлаклари ҳар жойга қўйилса, мазкур моддалар ҳавога кўтарилиб, уйни дезинфекция қилади. Пиёзнинг таркибидаги кучли дармондорилар юрак хасталикларига қарши курашади, саратоннинг олдини олади ва иммунитет тизимини мустаҳкамлайди.
Абу Али ибн Сино пиёздан иштаµа очишда фойдаланган. У пиёз шираси билан йирингли яраларни, қулоқдан йиринг оқишини, ангина ва кўзга оқ тушишини даволаган. Булардан ташқари пиёз ширасини бош оғриғни қолдирувчи, юмшоқ ич сурувчи дори сифатида ишлатган.
Кўк пиёз юрак мушакларининг яхши ишлашини таъминлайди, танадаги ортиқча суюқликни чиқариб юборишда аҳамияти катта ҳисобланган калий ва каротин моддаларига бой. Тиш касалликларининг ҳам олдини олишда пиёзнинг фойдаси катта.
Эслатма: Пиёз сувини бурунга томизиш мумкин эмас, чунки у яллиғланган шиллиқ қаватга таъсир қилади.
М. СУВОНОВА,
шифокор.

комментариев