» » Тойлоқда янги китоб дўкони очилди

Тойлоқда янги китоб дўкони очилди


 Туман марказидаги “Ёшлар” истироҳат боғида янги китоб дўкони ўз фаолиятини бошлади. Тадбиркор Моҳира Музаффарова ташаббуси билан асос солинган мазкур зиё масканининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги вакиллари, Республика маънавият ва маърифат тарғибот маркази туман бўлинмаси раҳбари З. Авазов, туман бош имом хатиби Б. Исмоилов, нуроний отахонлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

  — Ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботи бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда, — дейди тадбиркор Моҳира Музаффарова. — Шу боис, тадбиркорлик фаолиятимни мазкур йўналишда ташкил этишга қарор қилдим. Бугун ёшларнинг китобга бўлган эътибори жуда юқори. Дастлабки кунларданоқ, мавжуд бадиий адабиётларнинг асосий қисми китобхонлар томонидан харид қилинди. Кўплаб буюртмалар тушди.

   Шуни алоҳида қайд этиш жоизки замонавий услубда қуриб битказилган зиё масканида китобхонлар учун барча қулайликлар муҳайё қилинган. Яъни ташриф буюрувчилар нафақат китоб харид қилишлари, балки, улар учун ташкил этилган алоҳида кутубхонадаги китоблардан бепул фойдаланишлари ва шу ернинг ўзида бемалол мутолаа билан машғул бўлишлари мумкин.  Қолаверса, китоб дўконида олти нафар ёшлар иш билан таъминланди.


 Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев