» » Қашқадарёда блогер 7 миллион сўм пул билан ушланди

Қашқадарёда блогер 7 миллион сўм пул билан ушланди

Қашқадарёда ўзини блогер сифатида таништириб, фирибгарлик орқали даромад топмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар қилди. Маълум қилинишича, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва 164-моддаси (босқинчилик) жиноятларини содир этганлик учун суд ҳукми билан 10 йилдан ортиқ муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан фуқаро Ш.М. берилган жазодан ўзига хулоса чиқармасдан, фирибгарлик йўли билан осон бойлик ортиришни мақсад қилиб келган.
Ғузор туманида яшовчи М.Ш. (блогерлик фаолияти билан шуғулланади) ўзини шаҳар ва туман ҳокимиятларида танишлари кўплиги ҳақидаги ёлғон гаплари билан ўзгалар ишончини қозониб, мансабдор танишлари орқали ер майдонларини олиб беришни ваъда қилиб, вилоятда яшовчи фуқаролар ишончига кирган.
Жумладан, М.Ш. 2022 йил 21 февраль куни Чироқчи тумани ҳокимлигидаги таниши орқали маиший хизмат кўрсатишга ажратилган манзилдан 3 сотих ерни олиб бериш эвазига Қарши шаҳридаги чойхоналардан бирида фуқаро Э.О.дан 7 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтда вилоят ИИБ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.Мга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси(фирибгарлик), 25-211-моддаси (пора беришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

комментариев