» » Рўзғор тўкин, турмуш фаровон

Рўзғор тўкин, турмуш фаровон

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, томорқа хўжалигидан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар замирида оилалар фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам. Одамларда ерга муносабат тубдан ўзгариб, уруғ қадаш орқали бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишмоқда. 

Таллиота маҳалласида яшовчи Яшин   Тоштемиров ҳам томорқасига турфа сабзавотлар экиб, ҳалол меҳнати ортидан баракали ҳосил олиб, рўзғорини обод қилиб келаётган ишбилармонлардан. У  6 сотихли ер майдонида иссиқхона барпо этиб, сабзи ва булғор қалампири етиштиришни йўлга қўйган. Томорқачи жорий мавсумда ушбу ердан оила бюджетига ўн миллион сўм даромад киритишни мақсад қилган.

— Айни чоғда ҳовлимизда сабзи, картошка, пиёз, шолғом, булғор қалампири, бақлажон, помидор ва турли кўкатлар экиб парваришланмоқда, — дейди хонадон соҳибаси Мавлуда опа. — Шукрки, хонадонимиз обод, рўзғоримизда барака бор. Ўн йилдирки, томорқамиздан самарали фойдаланяпмиз. Эҳтиёжимиздан ортганини бозорга олиб чиқамиз. Томорқамиз ортидан уч қизни узатдик. Насиб қилса кузда ўғлимиз Бобуржонни уйлантирмоқчимиз.

Эзгу ниятлар билан экинларга бор меҳрини берган бу инсонларнинг асосий маісади – яхшигина даромад олиб, рўзғорини тўкин, турмушини обод қилиш ҳамда элимиз дастурхонини турли ноз-неъматлар билан тўлдиришга қаратилган.


Д. КАМОЛОВА.

комментариев