» » ТОЙЛОҚҚА ҲАМ ФАВВОРАЛАР ЯРАШАДИ!

ТОЙЛОҚҚА ҲАМ ФАВВОРАЛАР ЯРАШАДИ!

   Бунёдкор ҳукмдор Темур бобомиз томонидан биз яшаб турган қутлуғ гўша – қадим Шовдор ҳудудида барпо этилган Боғи Давлатобод ва Боғи Дилкушодаги фавворалар, европаликларни, хусусан, Испания элчиси Клавихо де Гонсалесни  ҳайратга солган эди.  Кундан-кунга яшариб, чирой очиб  бораётган мафтункор туманимизда бугун ҳам  оромбахш фавворалар отилиб турса, қандай яхши бўларди?! Мулоҳазаларимиз шу ҳақда. 
       Маълумки, дунёнинг ярмини забт этиб, инсоният тарихида энг улкан давлатлардан бирини  барпо этган соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг Мовароуннаҳр ва салтанатнинг  бошқа ҳудудларидаги мислсиз бунёдкорлик ишлари ҳанузгача олам аҳлининг ҳавас-у ҳайратига сабаб бўлмоқда. Буюк давлат арбоби томонидан пойтахт Самарқандда ҳамда Озарбайжон, Хуросон, Ҳиндистон каби  вилоятларда бир-биридан гўзал  ўнлаб боғлар барпо этилганлигини ўрта аср тарихчилари зўр  мамнуният билан қайд этадилар. Эътиборлиси, пойтахт ва унинг  атрофидаги 14та «темурий» боғдан учтаси, яъни Боғи Давлатобод, Боғи Дилкушо ҳамда Боғизоғон боғлари ҳозирги туманимиз ҳудудида жойлашган. 
     Муаррихларнинг гувоҳлик беришича, машҳур Боғи Давлатобод,  Самарқанддан 13 км жанубда (ҳозирги Катта Ўзбек трактининг чап томонида) жойлашган. (Боғ ўрнида жойлашган қишлоқ ҳозир ҳам Давлатобод деб юритилади) Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, хорижий элчиларни қабул қилган. Унда ариқлар, тўртта ҳовузда фавворалар, катта сарой бўлган. У сунъий тепа устига қурилган бўлиб,  атрофи ҳандақ билан ўралган. Саройга иккита кўтарма кўприк орқали кирилган.
   Амир Темур туманимиз ҳудудида бунёд этган ғоят гўзал боғлардан яна бири бу Боғи Дилкушо (тожик тилида «Кўнгил очувчи боғ) бўлиб, у 1397 йилда Темурбекнинг хотини Тўқалхоним шарафига қурилган. Бу боғ Самарқанддан шарқроқда, Самарқанд – Панжакент йўлининг ўнг томонида, қадимий Хиждувон қишлоғи ўрнида жойлашган.(Бизнингча, бу ҳозирги Муборак маҳалласининг Қовчин ва Равот қишлоқлари ҳудудига тўғри келади). 
  Ҳар тарафи 900 метр узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган...  
   1404 йилнинг сентябр-ноябр ойларида Испания элчиси Клавихо   Испания элчиси Клавихо Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида ундаги гўзал манзарадан  ҳайратга тушган. Чунки бу ерда усталик билан сопол найлар орқали қурилган фаввораларни у ҳеч қаерда, Европада ҳам учратмаган эди. Кейинчалик у ўз таассуротларини шундай баён қилади.: "Подшоҳ махсус қурилган баланд ўриндиқда ўлтирар ва унинг олдида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қирмиз олмалар қалқиб турарди…"
"Клавихо бежизга ажабланмаган, — дейди тарихчи Ўткир Алимов - XIV-XV асрларда юртимизда урф бўлган фавворалар ҳали Европа халқлари учун нотаниш эди». 
   Демак,Мирзо Бобур томонидан  «Миср-у  Шомдан-да гўзал» ва «учмоҳдан нишон берур»  деб таърифланган қадим Шовдорда   бундан 625 йиллар олдин  қалбларга ором бахш этадиган мўъжизавий сув қурилмалари – фавворалар бўлган экан.  
   Бугун Тойлоққа қадам ранжида қилган меҳмон боболаримизнинг таърифу тавсифлари бежизга эмаслигига амин бўлади. Туманимиз чиндан-да эртакларда таърифланган Боғи Эрамни эслатади. Аллоҳ биз яшаб турган пуртароват гўшага беҳад, беҳисоб барокат инъом этган, десак муболаға бўлмас. Аммо...
Аммо, мана шу инъомни янада бойитадиган, дилларга байрамона кайфият бахш этадиган тағин бир гўзаллик – фавворалар етишмаяпти, назаримда  Маълумотларга кўра, вилоятимизда айни пайтда 48та фаввор бўлиб, уларнинг 75 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган. Шунингдек Пайариқ туманида 5та, Самақанд туманида 2та, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Нуробод туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳарларида биттадан фавворала мавжуд. Улардан 8таси нурли.мусиқий кўринишда бўлса, қолганлари – оддий. Ачинарлиси, фаввораси бор  туманлар рўйхатида Тойлоқни учратмадик. Яъни, Тойлоқ  фавворасиз  туманлар орасида. Нима бўпти? Қўшработ, Пахтачи, Булунғур каби туманларда ҳам йўқ экан-ку, дерсиз.  Эътирозингиз тўғридир. Бироқ, ўша туманларга қараганда Тойлоқнинг имконияти  кўпроқ эканлигини ҳам  унутмаслик керак. Бироқ,  осмонўпар бинолар туфайли чиройли шаҳар қиёфасига кираётган туман марказида ҳам  фавворанинг йўқлиги кўнгилни хира қилади. Ваҳоланки, майдони бирмунча тор бўлишига қарамай, «Ёшлар» истироҳат боғида шундай роҳатбахш сув иншоотини қуриш имкони мавжуд. Яна бир таклиф: туман марказида бунёд этилаётган кўркам шаҳарча – Янги Ўзбекистон массивида келгусида 10 минг кишига яқин аҳоли истиқомат қилиши кутилмоқда. Шуни ҳисобга олган  ҳолда массивда аҳоли учун кўнгилочар дам олиш маскани –хиёбон ва унда мусиқий фаввора ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди . Тўғри, Самарқандда шаҳридаги фавворалар туманимиздан айтарли даражада узоқ эмас. Лекин, ўзимизники бўлганига нима етсин?!   Бу ҳақда мутасаддилар ўйлаб кўришади, деб умид қиламиз.
       Абдулла НИСОРОВ, 
   Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

комментариев