» » Кексаликка бўйин эгмайди

Кексаликка бўйин эгмайди

Байрам баҳона устоз журналист Холиқ Ҳакимов ҳақида нимадир ёзгим келди. 
...Олийгоҳнинг учинчи курсида ўқиб юрган кезларим таътил даврида барчамизга ўз вилоятимиздаги ОАВларда амалиёт ўташ учун йўлланма беришди. «У ерда ҳеч кимни танимасам, мени қандай қабул қилишаркин?», деган ўй миямда айланарди. «Онажон, дадил қадамлар билан боравер, у ерда менинг жондек акам ишлайдилар, нимани тушунмасанг, у кишидан бемалол сўрайвер, акам универсал, ҳар томонлама ибрат олсанг арзийди», деб телерадиокомпанияга кузатдилар.
Мени илиқ кутиб олган таниқли журналист Тошпўлат Тугалов катта бир хонага бошлади ва тўрда ўтирган киши билан таништирди. «Бу инсон барчамизнинг устозимиз Холиқ Ҳакимов бўладилар, «Ахборот»нинг бошлиғи, этагидан тутсанг кам бўлмайсан», деди. 
У киши мени қадрдонидай кутиб олди, унга дўстининг қизи эканлигимни айтмаган бўлсам-да зийрак инсон: «Сен фалончининг қизисан-а, даданг яхшими», деди. Ҳайрат билан: «Ҳай, раҳмат салом айтиб юбордилар», дедим.
Устоздан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Таҳсилни тугатиб шу даргоҳга ишга келганимда ҳам ҳаммадан кўп шу инсон мени қўллаб-қувватлади. Билмаганларимни ўргатди, касбимизнинг пасту-баландликларини тушунтирди. Мени илк бор тасвирга олиш жараёнига ҳам шу инсон олиб борди. Ҳамон эсимда, биз 10-сонли Меҳрибонлик уйидан репортаж тайёрлаган эдик. Ўшанда Холиқ аканинг кайфиятлари шу даражада тушиб кетган эдики, ишхонага келгунимизча бир оғиз гапирмадилар ва қўлларидаги касета ва маълумотларни менга тутқазиб: «Буни эфирга тайёрла» дегандилар.
Устоз ҳар битта тасвирнинг сифати учун курашарди, тортишарди, ўз фикрида собит қоларди. Биз шогирдларни ҳам ҳаққонийликка ундайди. 
Чўл, қир, адир, дала-дашт унинг севимли маконлари. Вилоятимизда унинг қадами етмаган жой топилмаса керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасини мукаммал даражада биладиган журналист юзлаб деҳқонлар ҳақида мақола ва очерклар ёзди. Китоблар нашр эттирди. Буни қарангки, унинг икки қизи ҳам қалам тебратишга уста чиқди.
Бир куни устоз кичик қизи Гулнигорни таҳририятга етаклаб келиб, столим олдига тўхтади: «Гап бундай шогирд, бу ердагилар мени сени олдингга юборишди. Мен бир пайтлар сенга устозлик қилганман, энди эса сен менинг қизимга устозлик қиласан, хуллас эти сеники, суяги меники» дедилар. Устоздан бундай сўзларни эшитиш мен учун ҳам шараф, ҳам масъулият ҳам уят эди. «Йўғ-э, Холиқ бобо, ҳали ўзим шогирдманку», дедим, хижолатпазлик билан. «Жим-э, катталар бир нима деса кичиклар «хўп», дейиши керак, гап тамом, Гулнигор, бунинг чизиғидан чиқма», деб чиқиб кетдилар. 
Мен у кишининг қизини шогирд деб эмас, сингил сифатида қабул қилдим, ҳар дақиқада устоздан қарздорлигимни ҳис қилдим.
Бугун 72 ёшни қаршилаган кекса журналист ҳамон изланишда. Бир қарасангиз узумларини парваришлайди, бир қарасангиз кетмонини елкасига олиб экинларига сув тарайди. «Мен қаридим, энди дам оламан», демайди. Яна бир қарасангиз, дала бошига қуриб олган чайласига кириб дилидагиларини қоғозга тўкади.  
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, мен каби юзлаб каламкашларга устозлик қилган Холиқ Ҳакимовни айём билан қутлайман. 
   Д. КАМОЛОВА.

комментариев