» » Ие, бу қандай йўл белгиси?

Ие, бу қандай йўл белгиси?


Суратда кўриб турганингиз   «ниҳоятда нозик дид билан, санъат асари даражасида бежирим» қилиб тайёрланган ажабтовур йўл белгиси А-377, Самарқанд — Айний автомобил йўлининг Панжакент  йўналиши бўйлаб, туманимиз маркази — Тойлоқ шаҳарчасига кираверишда, кўчанинг ўнг томонига ўрнатилган. «Хўш, шунга нима бўпти?» дея ажабланиб қўл силтаётган бўлсангиз, бироз шошилманг. Гап шундаки, аҳоли пунктлари номини билдирадиган йўл белгилари одатда ҳудудга киравериш ёки чиқиш чегараларида ўрнатилади. Суратдаги «TAYLOQ» ёзувли йўл белгиси эса юқоридаги талабга зид равишда Қўрғонча МФЙга қарашли Қозихона қишлоғига кириш чегарасига қўйилган. Бунинг ўрнига Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига қарашли сунъий қопламали ўйингоҳ қаршисида «Чароғбон маҳалла  фуқаролар йиғинига хуш келибсиз!» деган жумла ёзилган лавҳа қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Боғичинор ва Бирлик МФЙлари чегараларида «савлат тўкиб турган» йўл белгиларини ҳам шу тартибда янгиласак, минглаб меҳмонлар-у хорижлик сайёҳлар катта йўлдан юзларини буриштириб ўтмасликлари тайин.

 Энди туман маркази масаласига келсак, унинг мақоми ва чегаралари узил-кесил аниқлангач, шаҳарчага кираверишдаги уч жойда «Тойлоқ шаҳарчаси (ёки шаҳри) сизни қутлайди!» деган ёзувли лавҳалар кўзларни яшнатмоғи, қамаштирмоғи лозим.

Эътирозларимизни мутасаддилар инобатга оладилар, деб умид қиламиз.

А. САЛОМ,

Т. ХИДИРОВ.

комментариев