» » «ЯНА 5 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТМОҚЧИМИЗ»

«ЯНА 5 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТМОҚЧИМИЗ»

– дейди, Эскижума  маҳалласида яшовчи тадбиркор Муаммархон Ибодуллаев.
      Яқинда 33 ёшни қаршилаган шижоатли йигит  Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, маҳалла маркази яқинидаги бўш турган бинода, мебель жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шу тариқа  «Музаффархон Мансурхонов» оилавий корхонаси дунёга келди. Ёш тадбиркорнинг елиб югуриши, Қолаверса, маҳалла раҳбарлари ва оиладагиларнинг қўллаб-қувватлаши зое кетмади: корхонага замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Атрофига  ўз ишининг  усталарини тўплаган Муаммархон бошчилигидаги корхонада яратилган бежирим мебелларга нафақат маҳалланинг ўзидан, балки, Нурафшон, Сочак, Истиқлол, Боғизоғон каби ўнлаб маҳаллалардан харидорлар чиқди; уларнинг сафи кенгайиб борди.
Қувонарлиси, корхона маҳсулотлари «Ташаббус – 2019» туман кўрик-танловида  энг яхшилар қаторида эътироф этилди ва муносиб тақдирланди...
 – Айни пайтда корхонамизда 3 киши меҳнат қилади, – дейди, М. Ибодуллаев, –Ёш усталар Хуршид Султонов ва Лазиз Орзиқуловлар ўз ишларини бекаму кўст эплаяптилар. Банкдан кредит маблағи олиш эвазига корхона фаолиятини кенгайтиришни ва яна 5 та янги иш ўринлари яратишни кўзлаяпмиз... 
    Демак, яқин орада Эскижумада ишлаб чиқарилган янги турдаги мебель жиҳозлари, шу жумладан, МДФ  эшиклари ва стол-стуллар бозорларимизни безайди...
   Р. ҚАҲҲОРОВ,
                                              Ж. ТУРСУНОВ,                                                туман молия бўлими ходимлари.
А.ОРЗИМУРОДОВ туширган сурат.

комментариев