» » Дунёда мендан бой одам йўқ

Дунёда мендан бой одам йўқ

1997 йилда ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд архитектура ва қурилиш институтининг кечки бўлимига ўқишга кирганман. Яратганга шукрки, ота-онамиз бизни меҳнатсевар қилиб тарбияладилар. Шунинг учун ўқиш билан бир вақтда қурилишда  бетон қуювчи бўлиб ишлаганман. Дадам мактабда директор бўлса-да, оиламиз катталиги учун рўзғоримизда пул доим қатъий ҳисобли бўлган. Аям менга ҳар куни дарсга бориб келишим учун бир сўм берган. Ўқишда бирор тадбир учун пул йиғиш керак бўлиб қолса, йигирма чақирим йўл босиб, уйга пиёда келган кунларим бўлган. Аммо дадамнинг ўгитларига амал қилиб, астойдил ўқидим, барча машаққатларни сабот билан енгиб ўтдим. 

Ҳеч эсимдан чиқмайди, олган биринчи маошим 320 сўм бўлган. Кечқурун онамга олиб келиб берганман. Аям: «Даданг хурсанд бўлади, дадангга бер», деганди. Кейин дадамга берганман. Энг қизиғи, дадам ҳам «Аянгга бер, хурсанд бўлади», деган. Кўряпсизми, икковлари ҳам бир-бирларининг хурсанд бўлишини истаган. Дадам билан аямнинг ҳаммамизга ибрат бўладиган бунақа сифатлари жуда кўп. Дадам: «Аллоҳ топган-тутганингга барака берсин, биринчи маошинг шунча бўлса, ҳали бой бўлиб кетасан», деган эди. Чунки, дадам директор бўлса ҳам бунча ойлик олмас, ўша пайтдаги иш ҳақи 280 сўм эди. Яхши эслайман,  ўқитувчилар 100 сўм атрофида маош олишар, икки сменалаб ишлайдиган ўқитувчиларники 150 сўмдан ошмасди.

Худога шукр, ота-онамнинг тарбиядаги қаттиққўлликлари, талабчанликлариданми, ҳали талабалигимдаёқ, яъни 24 ёшимда раҳбарлик лавозимига тайинландим.  Ҳозир ҳам шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг бошлиғи сифатида қадимий шаҳримиз Самарқанднинг кўркига кўрк қўшиш мақсадида меҳнат қилиб келмоқдаман. 

Борган жойни обод қилиш бизга дадамдан ўтган хислат. Отажоним қаерга ишга юборилган бўлса ўша ерда янги мактаблар қурган, атрофини обод қилган, боғлар, гулзорлар яратиб, «Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси», юксак унвонига сазовор бўлган. Ўқитувчилик фаолиятини дастлаб Қашқадарё вилоятида бошлаб, сўнг қўшни Ургут туманида яна кейинроқ   туманимиздаги 8-11-мактабларда директор лавозимида ишлаган. Бир неча йиллар Сочакипоён маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси вазифасида ҳам фаолият кўрсатган. Аяжоним Гулсара Алиева билан тўрт ўғил, икки қизни чиройли тарбиялаб, вояга етказди.  Оилада, бошқа касб-корларда бизга дадам ва аямнинг ҳаёт мактаблари, уларнинг тарбияси, талабчанлиги  дастуриламал бўлган. Менинг беш нафар фарзандим, невараларим бор. Улар ҳам катта боболарининг ўгитларини олиб улғайишмоқда. Отам ўзлари учун қадрдон таълим даргоҳи — 11 мактабга тез-тез бориб турадилар. Яқинда шогирдлари «Самарқанд китоб олами» савдо мажмуаси раҳбари, шоир Хуршид Нуриллаев билан мактабда бўлиб, китоблар туҳфа қилдилар.

Чиндан ҳам дунёда мендан-да бахтли одам  йўқ. Ана шу дориломон кунларда дадажоним ва аяжонимга узоқ умр, саломатлик тилайман. Юз ёшларда бошимизда дуогўй бўлиб юрсинлар!   

Бобур АЛИЕВ.

 Хончорбоғ маҳалласи.

комментариев