» » Маст ҳолда машина бошқарманг!

Маст ҳолда машина бошқарманг!

Ҳозирги кунда транспорт инфратузилмаси тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга, транспорт билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ҳам ортган. Улардан бири транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришдир.
Ҳайдовчи транспорт воситасини алкоголли ичимлик, гиёванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарса, у камида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойга ва базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима тўлашига олиб келиши мумкин. Бу суммага ҳали транспорт воситасини жарима майдончасига қўйилгани учун белгиланган жарима суммаси ҳам қўшилади. Демак, транспортни маст ҳолда бошқариш камида 7 миллион сўмга яқин зарар билан бирга камида 18 ойгача рулга ўтириш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Транспорт воситасини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс бошқарса, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Демак, фуқаро бундай ҳолда салкам 11 миллион сўм тўлайди ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини олади. Фуқаро маъмурий қамоқ даврида ўз иш жойидан айрилиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Юртимизда маст ҳолда транспорт воситаларини бошқарганлик учун бундай жазолар белгиланганлигининг сабаби, ушбу ҳуқуқбузарликнинг оқибатида жамиятга етказилиши мумкин бўлган зарарни камайтириш ҳисобланади. Чунки фуқаро маст ҳолда транспорт воситасини бошқариши оғир оқибатларга, ҳаттоки, фуқароларнинг ўлимига ҳам олиб келаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз (бу эса, жиноий жавобгарликка олиб келади). Шу боисдан, ҳайдовчиларни мастликка етакловчи ичимликларни истеъмол қилган ҳолда транспорт бошқармасликка чақирамиз.
    О. Аллаев
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ
туман судининг раиси.

комментариев